Банк ўтказмалари ва нақд пул ечиш комиссиялари нималарга боғлиқ?
Марказий банкда “Молиявий хизматларда комиссиялар: харажатлар, рақобат ва истеъмолчи манфаатлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда банклар, тўлов тизимлари ва тўлов ташкилотлари, бизнес, ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев ва бошқалар молиявий хизматлар учун белгиланадиган комиссиялар, уларнинг шаклланишига таъсир этувчи харажатлар, бозордаги рақобат ва истеъмолчилар учун қулай тарифларни жорий этиш масалаларига тўхталди.
Қайд этилганидек, мамлакатда банк карталари сони 79 миллиондан ошган, тўлов терминаллари 459 мингдан, банкомат ва инфокиосклар эса 47 мингдан кўп. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида терминаллар орқали амалга оширилган тушумлар қарийб 518 триллион сўмга етган. Тўловлар ҳажмининг ортиши соҳа инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш тизимларини ривожлантиришга бўлган талабни ҳам оширмоқда.
Муҳокамада Click, Payme ва Ўзбекистон Миллий банки вакиллари тўлов хизматлари тарифлари ва уларни шакллантирувчи омиллар ҳақида фикр билдирди.
Хусусан, Click томонидан картадан картага пул ўтказиш жараёнида бир нечта ташкилот иштирок этиши, уларнинг ҳар бири муайян хизматларни кўрсатиши ва транзакцияларни амалга ошириш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш харажатларни талаб қилиши таъкидланди. Савдо ва хизматлар учун тўловларда комиссияни хизмат кўрсатувчи ташкилот қоплаши мумкин. Жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмаларида эса харажатларни қоплаш механизми бошқача бўлади. Шунингдек, айрим хизматларнинг бепул таклиф қилиниши харажатлар мавжудлиги эмас, балки уларнинг бир қисми ташкилотнинг ўзи томонидан қопланаётганини англатади.
Ўзбекистон Миллий банкида P2P ўтказмалари учун белгиланган лимит доирасида бепул хизмат кўрсатиш амалиёти мавжуд. Лимитдан юқори операциялар учун эса 0,5 фоизлик комиссия қўлланади. Ушбу маблағнинг бир қисми тўлов тизимларига тўланса, қолган қисми банк дастурлари, мобил илова ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш харажатларини қоплашга йўналтирилади.
Банкоматлардан нақд пул ечишда ҳам комиссиянинг муайян қисми операцион харажатларга тўғри келади. Жумладан, тадбирда айтиб ўтилганидек, одатда қўлланадиган 1 фоизлик комиссиянинг 0,7-0,8 фоизгача бўлган қисми банкоматларни сақлаш, инкассация, ижара, электр энергияси ва бошқа харажатларни қоплашга сарфланиши мумкин. Шу билан бирга, банклар ўртасидаги рақобат тарифларни қайта кўриб чиқиш ва мижозларга янада қулай шартларни таклиф этиш имконини беради.
[gallery-31975]
Payme бош директори Станислав Сквирскийнинг қайд этишича, Ўзбекистонда мижозларга банк офисларига бормасдан, масофадан идентификациядан ўтиш имконини берувчи қонуний механизмлар мавжуд.
– Очиқ банкинг фойдаланувчиларга Humo карталарини қайси банк чиқарганидан қатъи назар, турли иловаларга бириктириш, пул ўтказмалари ва коммунал тўловларни амалга ошириш имконини беради. Бу бозор ривожланиши учун катта туртки бўлди. Бироқ Visa ва Mastercard карталари билан ишлашда айрим чекловлар бор. Фойдаланувчилар бундай карталарнинг балансини ва транзакциялар тарихини уларни чиқарган банк иловасидан бошқа иловаларда кўра олмайди. Банклар ўртасида интеграцияларни йўлга қўйиш кўп вақт ва маблағ талаб қилади, тарифлар бўйича алоҳида келишувлар эса комиссиялар фарқланишига олиб келиши мумкин.
Ҳар қандай транзакциянинг ўз таннархи бор. Тўлов ташкилотлари мижозлар маблағларини ҳимоя қилиш, фирибгарликнинг олдини олиш ва хавфсизлик тизимларини қўллаб-қувватлаш учун маблағ сарфлайди. Шунинг учун молиявий хизматлар нархи нолга тенг бўла олмайди, – дея таъкидлади у.
Муҳокамада тўлов хизматлари хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам кўтарилди. Тўлов ташкилотлари мижозларни фирибгарликдан ҳимоя қилиш учун дастурий тизимлар, лицензиялар ва техник ечимларга маблағ сарфлайди. Шу боис комиссияларни белгилашда хизматларнинг таннархи, истеъмолчилар учун мақбул нархлар ва бозордаги рақобат ўртасидаги мувозанатни таъминлаш муҳим ҳисобланади.
Давра суҳбати якунида билдирилган фикр ва таклифларни ўрганиш, маҳаллий ҳамда халқаро тажрибани таҳлил қилиш мақсадида экспертлар, банклар, тўлов ташкилотлари, ОАВ вакиллари ҳамда тадқиқотчилардан иборат ишчи гуруҳ тузиш белгиланди. Келгусидаги муҳокамаларда молиявий хизматлар тарифларини такомиллаштириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга оладиган ечимларни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА