Бугунги кунда банк хизматлари турлари кўпайиб, улардан фойдаланиш, айниқса, кредит олиш тизими соддалашиб боряпти. Маиший техникадан тортиб кийим-кечак, озиқ-овқатларни ҳам “ҳозир олиб, кейин тўлаш” имконияти мавжуд.
Замонавий тезкор банк хизматларининг кўпайиши юртдошларимизга қулайлик яратаяпти, албатта. Аммо олинган пул маблағларини ўз вақтида тўлаб бормаслик банк ёки нобанк ташкилотлари билан мижоз ўртасида муаммолар келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ўтказилган йиғилишда “Банклар ва уларнинг хизматидан фойдаланувчи фуқаролар ўртасида вужудга келаётган муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
— Сўнгги пайтларда кредит ёки микрокредит олган фуқароларнинг банк карталаридан, шунингдек, уларнинг кафиллари карталаридан рухсатсиз пул маблағларини ечиш ҳолатлари кўпаймоқда, — деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов. — Бу эса амалдаги қонунчилик талаблари бузилишига сабаб бўлаяпти. Масалан, Фуқаролик кодексининг 783-моддасига биноан, мижознинг кўрсатмасисиз пул маблағларини ечиш фақат суд қарори билан ёки фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда белгиланган ёки банк ва мижоз ўртасидаги шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилади. Бошқа вақтда эса карта эгасининг рухсатисиз пул ечиб олиниши ноқонуний ҳаракат саналади.
Мазкур масала ЎзХДП нинг ҳудудий ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан деярли барча ҳудудларда ўрганиб чиқилган бўлиб, қатор муаммолар мавжудлиги аниқланган. Хусусан, қарз олувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида қарз олувчининг банк карталаридан маблағларни акцептсиз тарзда ечиб олиш юзасидан шартнома тузилмаган ва бундай ҳуқуқнинг нобанк ташкилотларига берилиши қонунчиликда кўзда тутилмаган. Тижорат банклари томонидан фуқароларнинг банк карталаридаги пул маблағларини ушбу банк карталари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламаган ҳолда ҳисобдан чиқарилишига (шунингдек, бундай имкониятни суғурта ташкилотлари учун яратилишига) йўл қўйилганлиги фактлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда. Яна бир жиддий масала фуқаролар номидаги бир нечта картадан кредит қарздорлиги учун пул ечиб олинаётгани билан боғлиқдир, — деди фракция раҳбари.
Шунингдек, йиғилишда мобил иловалар орқали кредит олиш имкониятлари кенгаяётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, расмийлаштириш жараёнларида одатда қарз олувчи фуқародан ташқари яна бир неча яқинининг мобил рақами ҳам сўралади. Мижоз уларни киритгач, ўша инсонлар ўзи хабардор бўлмаган ҳолда бевосита кафилга айланмоқда. Қарз олган шахс кредитни ўз вақтида қайтармаса, унинг танишига банк томонидан мурожаатлар қилина бошлайди.
Фракция аъзолари мазкур ҳолатлар партия электорати манфаатларига зидлигини, қолаверса, барча фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётганини таъкидлади. Бу каби муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мутахассисларининг ҳамда партия Марказий Кенгаши ва ҳудудий кенгашларидаги фаолларнинг таклифлари тингланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА