Балиқчиликда интенсив усул самаралари
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станциясида интенсив усулда балиқ етиштириш афзалликларига бағишланган илмий-амалий кўргазмали семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станциясида интенсив усулда балиқ етиштириш афзалликларига бағишланган илмий-амалий кўргазмали семинар ташкил этилди.Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш ва аҳолининг балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини узлуксиз таъминлаш мақсадида интенсив усулдан самарали фойдаланилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 августдаги “Балиқчилик тармоғида монополиядан чиқариш ва хусусийлаштиришни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим омил бўлаётир.
Интенсив усул озуқа ва сув ресурсларини тежаши билан фарқланади. Мисол учун, амалдаги эстенсив усулда сув ҳавзада қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган апрель – август ойларида ушлаб турилиб, сентябрь ойидан бошлаб чиқариб юборилади. Кичик балиқчилик хўжаликлари учун ушбу даврда ўртача 100 куб метр сув керак бўлади.
Интенсив технология эса мулкдорлар учун қулай бўлиб, келажакда фермерлар даромади янада ошишини таъминлайди. Ушбу усулда дала шийпони ёки канал ёқасидаги пахта даласи ёнида 15 куб метр сиғимли, сув доимо айланиб турадиган ҳовуз қурилади. Бунинг афзаллиги шундаки, каналдан келаётган сув ҳовуз орқали экин майдонларига ўтиб кетаверади. Бундай сув экин ҳосилдорлигини ошириш билан бирга, фермерга битта ҳовузда бир тоннагача балиқ етиштириш имконини беради.
Интенсив технология ем ейдиган балиқлар етиштиришда, айниқса, қўл келади. Юртимизда шундай тоифадаги қимматбаҳо балиқ турларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Балиқчиликни ривожлантириш илмий-тажриба станциясида оқар ва шўрланган сувли ҳавзаларда ривожланадиган, тез мосланувчан осётр, африка лаққаси каби балиқ турлари кўпайтирилмоқда. Ушбу балиқ маҳсулотлари жаҳон бозорида харидоргир бўлиб, қайта ишлаш имкониятлари кенг. Бундай балиқ турларини боқиш ҳам қулай.
Семинарда иштирокчилар илмий-тажриба станциясида ташкил этилган интенсив усулда балиқ етиштириш бўлими фаолияти билан танишди.