Бағрикенглик тимсолисан, ўзбек тилим
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
Халқнинг Ватани, давлатидан ташқари яна бир буюк бойлиги бор. Бу ҳам бўлса унинг тилидир. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат сифатида дунёга танитади.
Юртимизда 21 октябрь санаси “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” сифатида кенг кўламда нишонланади, байрам қилинади. Бундан 32 йил олдин ушбу санада “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз икки йиллиги кенг нишонланмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими, вилоят Халқ таълими бошқармаси, “Алишер Навоий нодир мероси тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиётига ихтисослаштирилган 19-умумтаълим мактабида “Бағрикенглик тимсолисан, ўзбек тилим” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда иштирок этганлар шахс, жамият ва давлат ҳаётида тил, хусусан ўзбек тили – давлат тилининг аҳамияти, тил соҳасида бугунги муаммолар, ўзбек тили ривожи учун юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Ахборот коммуникация технологияларининг шиддат билан ривожи ахборот тарқалишини тезлаштирди, маълумотлар оқими ва ранг-баранглигини кучайтирди, географик ҳудудларни яқинлаштирди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. – Ахборот маконида маданиятлар, қадриятлар, қолаверса, тиллар ўртасида манфаатлар ва яшовчанлик борасида тўқнашувлар юз бермоқда. Шундай кескин рақобат шароитида миллий ўзлигимизни сақлаб қолишда, миллат бўлиб яшашимиз ва ривожланишимизда ер ости бойликлари, замонавий бино ва иншоотлар, технологиялар эмас, балки она тилимиз бўлмиш ўзбек тили асосий восита бўлиб хизмат қилади. Уни асрамоқ, ҳимояламоқ, ривожлантирмоқ бу биз учун муқаддас бурч, эътиқод, ҳар нарсадан устувор вазифадир. Бунинг учун кўпроқ ўзбек тилида мулоқот қилишимиз, бошқа миллат вакилларига нисбатан ҳурматни сақлаган ҳолда уларга ҳам ўргатишимиз лозим. Тил мавзусига бағишланган тадбирларни йил давомида ташкил қилиш, унга турли миллат вакилларини таклиф этишимиз мақсадга мувофиқ.

Таъкидланганидек, ўтказилаётган бу каби байрам тадбирлари, шубҳасиз келажак авлод қалбида она ватанга, она тилимизга бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг янада ортиши, унинг нечоғлик аҳамиятга эга эканлигини англаб етишларига хизмат қилади.
Тадбирда ўқувчи ёшлар томонидан она тили, Ватанни тараннум этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар ижро этилди, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Мушоирада ғолиб бўлган ва тил байрамида фаол қатнашган ўқувчилар “Маҳалла” фонди вилоят бўлимининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Абдували Бўриев, ЎзА