UNA-OIC хабар беришича, Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида Араб давлатлари лигаси 34-саммити иш бошлади. Анжуман Ғазо секторида давом этаётган қуролли можаро, ўт очишни тўхтатиш ва Фаластин анклави вайрон бўлган инфратузилмасини тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар муҳокамасига бағишланган.
Фахрий меҳмонлар - БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Испания Бош вазири Педро Санчес. Асосий иштирокчилар эса - Араб Лигаси аксар давлатлари етакчилари ва вакиллари, жумладан Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисий, Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос, Сомали раҳбари Ҳасан Шайх Маҳмуд, Иордания Бош вазири Жаъфар Ҳасан, Ливан Бош вазири Навоф Салом.
Тадбирни Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф Аз-Заёний расман очиб берди. У мамлакати Ғазони қайта тиклашда иштирок этиш ва сулҳ битимини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Ироқ Президенти Абдуллатиф Рашид “давом этаётган Исроил тажовузи”ни қоралаб, фаластинликлар мажбуран кўчирилишига йўл қўйилмаслиги зарурлигини таъкидлади. Ушбу давлат Бош вазири Муҳаммад Шиа Ас-Суданий вайрон бўлган инфратузилмани қайта тиклаш учун араб фонди ташкил этилиши, Ироқ Ғазо ва Ливанга ёрдам кўрсатиш жамғармасига 20 миллион доллар ажратишини эълон қилди.
Жаноб Гутерриш “Фаластин халқи жамоавий жазоланишини ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслиги”ни таъкидлади ва ҳар қандай кўчирилиш шаклига қарши чиқди.
Миср Президенти Ас-Сисий Исроилни “тизимли жиноятлар”да айблади. Унинг сўзларига кўра, Қоҳира Қатар ва АҚШ воситачилигида сулҳ тузиш бўйича саъй-ҳаракатни давом эттирмоқда, секторни тиклашга қаратилган халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқда.
Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Ғазо устидан назоратни Фаластин маъмуриятига топширишга чақирди.
Иштирокчилар ўт очишни тўхтатишга эришиш, минтақада урушдан кейинги тиклаш жараёнини бошлашга тайёрликларини билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, олти ҳафталик сулҳдан сўнг Исроил март ойида Ғазо секторини яна тўлиқ қамал қилиб, жанговар ҳаракатни қайта бошлаган. Май ойида Гидеон аравалари номли амалиётни кенгайтириш режаси тасдиқланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА