Бағдод ўз йўлини танлади: коррупцияга қарши кураш, қуролсизланиш ва иқтисодий очиқлик
Ироқ ҳукумати коррупцияга қарши муросасиз курашни давом эттирмоқда ва давлатга қурол етказиб беришни чекламоқда.
– Бу йўналиш қонун билан қатъий амалга оширилади, – деди мамлакат Бош вазири Али Аз-Зайдий “Asharq Al-Awsat” газетасига берган интервьюсида. – Коррупциячи учун ҳимоя йўқ, Бағдод қўшни мамлакатлар ва Форс кўрфази давлатлари билан ташқи буйруқсиз муносабатни ривожлантиради.
Ҳукумат раҳбари айтишича, хавфсизлик кучлари Ироқ ҳудудидан қўшни давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланишнинг олдини олиш бўйича кўрсатма олган.
Коррупцияга қарши кураш кампаниясига тўхталар экан, етакчи ўғирланган маблағни ихтиёрий равишда қайтарганлар билан келишув тузишга тайёрлиги, рад этганлар эса жавобгарликка тортилишини тушунтирди.
Шунингдек, Бош вазир доллар инқирозига ҳам ечим топилишига ишонишини айтди. Таъкидланишича, АҚШ маълум хавотир туфайли валютани ушлаб турган эди, ҳозир масала ҳал қилинган ва пул аллақачон мамлакатга кириб келган.
Бундан ташқари Аз-Зайдий давлат ичида давлат шаклланишига йўл қўйилмаслиги, “қаршилик” зарурати йўқолиб бораётганига урғу берди.
– Ҳукуматнинг асосий вазифаси қурол айланишини чеклаш орқали қуролли гуруҳлар ва жангарилар ўртасидаги алоқани узиш, – деди у.
Сурия иштирокидаги келишув асносида Ироқ Бош вазири Президент Аш-Шараъ бошчилигидаги амалдаги ҳукумат билан яхши муносабат ўрнатилиши ва икки мамлакат ҳамда халқ манфаати учун иқтисодий очиқликка содиқ қолинишини билдирди.
С.Раҳимов, ЎзА