БААда илк йўловчи темир йўл тармоғи ишга тушди
Бирлашган Араб Амирликлари транспорт тизимида тарихий қадам ташланди: миллий йўловчи темир йўл тармоғи расман фаолият бошлади. Илк йўналиш Ўмон кўрфази соҳилида жойлашган Фужайра амирлигидан пойтахт Абу-Дабигача 250 километр йўлни қамраб олди. Масофа рекорд даражада қисқа вақт – 1 соат 45 дақиқада босиб ўтилди.
Ички туризм ва аҳоли ҳаракати кўламини кенгайтиришга қаратилган мазкур йирик лойиҳа яқин ойларда бутун мамлакат бўйлаб ёйилади.
Янги транспорт тизимини бошқараётган “Etihad Rail” компанияси ҳозир лойиҳанинг дастлабки амалиёт ва синов босқичини амалга оширмоқда. Хизматга қизиқиш жуда юқори бўлгани сабаб, поезд ҳаракати бошланишидан аввал 15-33 доллар оралиғидаги 10 000 дан кўп чипта қисқа муддатда сотилиб кетди. Айни пайт компания парки замонавий ва шинам, ҳар бири 400 йўловчи ташийдиган 13 поезддан ташкил топган.
Бутун мамлакатни боғловчи мазкур темир йўл тармоғи келгуси йил баҳорга қадар тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди. Режага кўра, жорий йил 30 сентябрь куни Дубай ва Ал-Даид бекатлари фойдаланишга топширилса, декабрь ойи охиригача Ал-Дафра бекати ҳам йўловчиларни қабул қила бошлайди. Якуний нуқта сифатида Шаржа станцияси энг охирида очилади.
Узунлиги 900 километрга етадиган, БААнинг 11 йирик шаҳри ва ҳудудини ўзаро бирлаштирадиган ушбу йирик инфратузилма объекти Ўмон ва Форс кўрфазларини боғлаш орқали нафақат йўловчи алмашинуви, балки иқтисодий алоқани ҳам янги босқичга олиб чиқади. Темир йўл тизими Абу-Дабининг ички вилоятлари орқали ўтиб, Саудия Арабистони билан чегарадош Ғувайфат аҳоли манзилигача чўзилади.
Мутахассислар таъкидлашича, мазкур йўналиш хорижлик сайёҳларга қараганда кўпроқ маҳаллий аҳолининг кундалик эҳтиёжини қондириш учун қулай. Яъни, энди вилоятлар аро қатнов анча енгиллашиб, маҳаллий транспорт тизими хизмати такомиллашади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА