Айрим шаҳарларда ҳарбий хизматчиларга ижара учун компенсация миқдори оширилади
“Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва айрим фуқаро ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
2026 йилнинг 8 июнида қабул қилинган қарорга кўра, 2026 йил 10 июндан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳарбий хизматчиларга тураржойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 25 фоизга оширилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мудофаа ишлари бўлимлари штатидаги фуқаро ходимларнинг (чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик раҳбарлари бундан мустасно) иш ҳақи миқдори 2026 йил 10 июндан 20 фоизга, 2027 йил 1 январдан эса 50 фоизга оширилади.
Бунда фуқаро ходимларнинг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари (меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси) бўйича тариф коэффициентларини тегишлича 2026 йил 10 июндан эътиборан 1,2 бараварга, 2027 йил 1 январдан эътиборан 1,7 бараварга кўпайтириш орқали амалга оширилади.
Шербек Исломов, ЎзА