Аёллар тадбиркорлиги: “Ўзмиллийбанк” АЖ билан ишончли келажак сари
Юртимизда ёшлар учун қўшимча иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида тадбиркорлик лойиҳалари банкларнинг имтиёзли кредитлари орқали қўллаб-қувватланмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ҳам ёшларнинг, айниқса ёш хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш учун ҳар томонлама кўмак берилмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 1 июнда “Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-210-сон қарор қабул қилиниб, унга асосан “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан олий таълим муассасалари битирувчиларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Келажакка қадам” дастури асосида “Келажак тадбиркори” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан амалга оширилаётган “Келажакка қадам” дастури ҳамда “Келажак тадбиркори” лойиҳаси доирасида ёш хотин-қизларларнинг истиқболли бизнес лойиҳалари имтиёзли шартларда молиялаштирилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва кенгайтириши учун зарур молиявий кўмаклар кўрсатилмоқда.
Сўз исботи сифатида, жорий йил бошидан буён “Келажакка қадам” дастури доирасида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан республика бўйича 2 843 нафар хотин-қизларнинг 116,7 млрд сўмлик лойиҳалари имтиёзли кредитлар асосида молиялаштирилди. Бунинг натижасида 3 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Шундай ёш тадбиркорлардан бири — Раззоқова Иқболой Нуриддин қизига банк томонидан дастур доирасида ажратилган 330 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан “IRN AKADEMIYASI” ўқув маркази ташкил этилди. Бугунги кунда марказнинг Навоий вилоятида битта ва Тошкент шаҳрида учта филиали фаолият кўрсатмоқда. Лойиҳа доирасида тадбиркор томонидан 40 нафар доимий иш ўринлари яратилиши таъминланди.
Бундан ташқари, тадбиркор томонидан ташкил этилган “IRN OLYMPIADS” халқаро таълим платформаси орқали 50 га яқин давлат иштирок этадиган фан олимпиадаларига бугунги кунда ёшлар тайёрланмоқда. Ҳозирда 10 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олинган. Жорий йилда Буюк Британия ва Японияда ўтказиладиган халқаро олимпиадалар учун 130 нафар иқтидорли ёш тайёргарлик кўрмоқда.
Яна бир муваффақиятли лойиҳа муаллифи — Тошкент вилоятидан Маменова Асида Маматолиб қизи. У “Келажак тадбиркори” лойиҳаси иштирокчиси сифатида “Ўзмиллийбанк”АЖдан 1 млрд сўм имтиёзли кредит олиб, “JUMABOZOR OMAD NURISLOM” МЧЖ қошида замонавий автомактаб фаолиятини йўлга қўйди. Лойиҳа доирасида 3 нафар янги иш ўрни яратиб, 100 нафардан ортиқ ўқувчини қамраб олди. Бугунги кунда аҳолига сифатли ҳайдовчилик таълими хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Молиялаштирилган лойиҳалар орасида таълим, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан амалга оширилаётган “Келажакка қадам” дастури ва “Келажак тадбиркори” лойиҳаси юзлаб ёшларнинг бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда. Энг муҳими, ёшларнинг ўз кучига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган янги авлод тадбиркорларини вояга етказишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати