Аёллар курашида мамлакат чемпионлари сараланди
Қашқадарё вилоятида спорт курашлари бўйича ўтказилаётган U15 ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионатида аёллар кураши дастурида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Мусобақанинг -33 килограмм вазн тоифасида Мадина Носирова сўнгги ҳал қилувчи финал беллашувида Анна Горшкова устидан ғалаба қозонди ва мамлакат чемпионига айланди. Ушбу вазн тоифасида бронза медаллари Умида Давлетбаева ҳамда Умида Нормаматовага насиб этди.
Вазни -36 килограммгача бўлган Шодия Холмўминова беллашувларда барча рақибларини таслим этган ҳолда биринчи поғонадан жой олган бўлса, Эъзоза Абдирашидова иккинчи, Паризода Саъдуллаева ва Моҳинур Яхшибоева учинчи ўринларни банд этди. -39 килограмм вазндаги баҳсларда Шукрона Тўхтапўлатова олтин медалга сазовор бўлди. Кумуш медаль Кумуш Нормўминовага, бронза медаллар Умидабону Ғайбуллаева ва Феруза Ҳамидовага насиб этди.
Шунингдек, -42 килограммда Малика Муродуллаева (Навоий) чемпион бўлди. Ойда Аллаберганова кумуш, Шаҳзода Бахтиёрова ва Кумуш Абдурашидова бронза медалларини қўлга киритди. Вазни -46 килограммгача бўлганлар орасида Сарвиноз Раҳимжонова шоҳсупанинг энг юқори ўрнидан жой олди. Ушбу вазндаги кумуш ва бронза медалларига Одина Ҳамиджонова, Нурай Баратбаева ҳамда Севинчой Зарипова сазовор бўлди.
Дарвоқе, Ўзбекистон чемпионатида бугун, 7 октябрь куни эркин кураш баҳслари старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА