Аёллар кураши: Мухлиса Машарипова Бокуда жаҳон чемпионлигига эришди
Бугун, 31 июль куни Озарбайжон пойтахти Бокуда спорт курашлари бўйича U17 ёш тоифасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунида беш нафар эркин курашчимиз саралаш баҳсларида гиламга чиқса, аёллар кураши баҳсларида терма жамоамиз аъзоларидан Сабрина Абдреймова бронза медали учун ўтиш баҳсида ўз омадини синовдан ўтказади.
60 дан зиёд мамлакатнинг 700 нафарга яқин ёш спортчилари иштирокида ўтаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган кечаги кунги беллашувлари Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечди.
-43 кг. вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ҳамюртимиз Мухлиса Машарипова финалда германиялик Финя Страухни мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, -53 килограммда дунё биринчилигининг бронза медалига даъвогарлик қилаётган юртдошимиз Сабрина Абдреймова ўтиш баҳсида Мадалина Павел (Руминия) – Валерия Станчева (Болгария) қарама-қаршилигининг ғолиби билан кураш олиб боради.
Чемпионат мусобақалари 2 августга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА