Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунарга ўргатиш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Олий таълимда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш тенденциялари” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 мартдаги "Оила ва аёлларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Унга кўра, 2025 йилда 2 миллион нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш, 250 минг нафар хотин-қизни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, 250 минг нафар хотин-қизни олий таълим билан қамраб олиш ҳамда 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этиш каби масалалар режалаштирилган.
Тадбирда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Айниса Мусурмонова ва институтнинг “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” бўлими бошлиғи Фарида Абдураҳимова ўз маърузаларини тақдим этди. Иштирокчилар томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олаётган аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини кучайтириш, уларнинг сиёсий маданиятини ошириш ва ёш аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Ҳозирда университетда янги ташаббуслар йўлга қўйилди. Сиёсий билимлар курслари, мотивацион учрашувлар, тренинглар ва “Ёш аёл етакчилар клуби” каби тадбирлар ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббуслар аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2024 йил 1 мартдан бошлаб хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш вазифалари белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА