Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабар, кузатув ва баҳолар бериб борилади. Мамлакатимиздаги ижтимоий ислоҳот, халқаро ҳамкорлик, технология дипломатияси, маданий алоқа ва сармоявий лойиҳалар халқаро ахборот маконида қандай ёритилаётгани акс этади.
Kazinform: Ўзбекистон ва Қозоғистон хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда

“Kazinform” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Қозоғистон Хавфсизлик кенгашлари вакилларининг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган маслаҳатлашувига эътибор қаратди. Мақолада кибер жиноятчилик, террор, сунъий интеллект ва рақамли технология билан боғлиқ янги таҳдидларга қарши курашиш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик масаласи таҳлил қилинган. Шунингдек, учрашув якунида ҳамкорлик протоколи имзолангани қайд этилган.
Anadolu: Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда

Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг Анқарадаги учрашувига алоҳида тўхталди. Мақолада давлат раҳбарлари икки томонлама муносабат, савдо, инвестиция ва мудофаа соҳаларида 5 муҳим битим имзолагани, товар айирбошлаш ҳажмини қисқа муддатда 5 миллиард долларга етказиш мақсади белгилангани таъкидланган.
APP: Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари ва ҳамкорлик алоқалари

Покистоннинг “Associated Press of Pakistan” агентлиги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббуслари ва алоқаларини изчил ёритиб боради. Бу гал нашр ЮНЕСКО Ижроия кенгаши мамлакатимизнинг маданий меросни асраш бўйича ташаббусини бир овоздан маъқуллагани ва шу муносабат билан Хивада халқаро симпозиум ўтказилиши ҳақида ёзди.
Шу билан бирга икки давлат ташқи ишлар вазирлари телефон мулоқоти ҳамда мамлакатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ҳукумат раҳбарлари кенгашига раислиги мавзуларига ҳам тўхталиб ўтилган. Қолаверса, Тошкентда ўтказилган Халқаро таълим форуми доирасида Покистоннинг минтақавий академик ҳамкорлик бўйича позицияси ва Синд вилоятида Ўзбекистон фахрий консули тайинлангани ҳақида алоҳида мақолалар эълон қилинди.
АзерТАЖ: Ўзбекистон ва Озарбайжон геология ва молиявий соҳаларда
ҳамкорликни кенгайтирмоқда

“АзерТАЖ” агентлиги Тошкентда ўтказилган “Mining Metals” кўргазмасида “Azer Gold” компаниясининг иштироки ҳамда қўшма геология-қидирув лойиҳалари ҳақида хабар берди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон Марказий банклари ўртасида кибер хавфсизлик ҳамда молиявий хатарни бошқариш бўйича тажриба алмашиш йўлга қўйилгани қайд этилган.
BelTA: Ўзбекистон ва Беларус кино соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Беларуснинг “BelTA” ахборот агентлиги Минск шаҳрида ўтказилган “Листапад” кинофестивали доирасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти проректори Бахтиёр Ёқубовнинг иштирокини ёритди. Мақолада экспертнинг мазмунли кино яратишда халқаро ҳамкорлик ҳамда инсон қадриятини акс эттирувчи фильмлар ўрни ҳақидаги фикри келтирилган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА