Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва таҳлиллар жамланади. Ушбу саҳифаларда мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш суръати ва халқаро шериклик йўналишлари ташқи нуқтаи назардан ёритилади.
“Синьхуа”: Ўзбекистонда туризм оқими 27 фоиздан ортиқ ўсди

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги Ўзбекистон туризм соҳасида юқори ўсиш суръати қайд этилаётганини ёзди. Манбага кўра, 2026 йил январь-май ойлари оралиғида мамлакатимизга сайёҳ сифатида келган хорижий фуқаролар сони 5,35 миллионга етган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 миллион нафар ёки 27,3 фоиз кўп. Таъкидланишича, оқимнинг асосий қисми Марказий Осиё давлатлари ҳиссасига тўғри келган, Қирғизистон 1,54 миллионлик кўрсаткич билан бу борада етакчи.
Шунингдек, хабарда 2025 йил якунига кўра, республикамизга 11 миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюргани, туристик хизмат экспорти қиймати 4,8 миллиард долларга етгани қайд этилган.
SPA: Саудия Ўзбекистон билан сармоявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Саудия Арабистони расмий ахборот агентлиги – SPA ушбу мамлакат Инвестицияни рағбатлантириш агентлиги раҳбари Холид Ал-Ҳаттофнинг Ўзбекистонга ташрифи тафсилотини ёзган.
Маълум қилинишича, хорижий делегация Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиб, юртимизнинг сармоя ва савдо маркази сифатидаги салоҳияти билан яқиндан танишган. Анжуманда қайта тикланувчи энергия, стратегик минераллар, инфратузилма, логистика, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект каби устувор соҳалар муҳокама қилинган.
Ташриф доирасида Саудия – Ўзбекистон бизнес кенгаши йиғилиши ҳам бўлиб ўтгани, тадбирда икки давлат сармоявий алоқалари кўламини кенгайтириш масалалари кўтарилганига эътибор қаратилган.
“Anadolu”: Имом Бухорий мажмуаси зиёрат туризми марказига айланмоқда

Туркиянинг “Anadolu” агентлиги Самарқанд вилоятида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси ҳақида фотолавҳа эълон қилди.
Материалда март ойида фойдаланишга топширилган мажмуа нафақат диний-маърифий марказ, балки халқаро зиёрат туризмининг янги нуқтаси сифатида шаклланаётгани қайд этилган. Агентлик ушбу масканнинг меъморий ечими ва маънавий аҳамиятига алоҳида тўхталган.
“Trend”: Ўзбекистон божхона тизимида рақамли трансформация самара бермоқда

Озарбайжоннинг “Trend” агентлиги Ўзбекистон божхона соҳасида амалга оширилаётган рақамли ислоҳотларга эътибор қаратди.
Манбада қайд этилишича, рақамли платформа ва автоматлаштирилган хизмат жорий этиш орқали ташқи савдо амалиётини расмийлаштириш вақти сезиларли қисқарган. Электрон декларация, хавф-хатарни интеллектуал таҳлил қилиш ва “ягона дарча” тамойили бизнес учун қулайлик яратмоқда.
Агентлик бу ўзгаришлар мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ҳамда логистика рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлаган.
“ANSA”: Ўзбекистон терма жамоаси эътибор марказида

Италиянинг ANSA ахборот агентлиги футбол бўйича жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоасига бағишланган материал эълон қилди.
Хабарда бош мураббий Фабио Канаварро раҳбарлигида мундиалда иштирок этаётган “Оқ бўрилар” жамоаси кўпчилик жиддий қизиқиш уйғотаётгани таъкидланган. Португалия билан бўлажак учрашув эса гуруҳ босқичидаги муҳим баҳс сифатида баҳолаган.
Шунингдек, Криштиану Роналду атрофидаги муҳокама ҳам ёритилган, Ўзбекистон билан ўйин европаликлар учун жиддий синов эканига урғу берилган.
“Yonhap”: Ўзбекистон ва Жанубий Корея стратегик ҳамкорликни чуқурлаштирмоқда

Жанубий Кореянинг “Yonhap” агентлиги Тошкентда Корея – Ўзбекистон сиёсий маслаҳатлашувларининг 18-йиғилиши бўлиб ўтганини маълум қилди. Шу ҳақдаги мақолада томонлар энергетика, транспорт, инфратузилма, муҳим минераллар, рақамли технология, соғлиқни сақлаш ва иқлим ўзгаришига мослашиш каби соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилгани таъкидланган.
Шунингдек, сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган илк “Корея – Марказий Осиё” саммитига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилгани қўшимча қилинган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА