Автойўллар қурилишида лаборатория синовларини амалга ошириш тартиби белгиланди
Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш жараёнларида қўлланиладиган материаллар, конструкциялар ҳамда бажарилаётган технологик жараёнлар белгиланган техник талаблар асосида лаборатория синовларидан ўтказилиши йўл объектларининг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги ва узоқ муддат хизмат қилишига таъсир этувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Адлия вазирлигида Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда лаборатория синовларини амалга ошириш тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу низом автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда бажарилган ишларнинг, йўл қурилишига оид ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш бўйича лаборатория синовларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
Мазкур ҳужжатда қуйидаги масалалар белгиланган:
— бажарилган ишларнинг сифати устидан пудрат ташкилоти томонидан доимий равишда лаборатория назорати таъминланади;
— пудратчининг ўзида синаш лабораторияси мавжуд бўлмаган тақдирда, шартнома асосида жалб этилади;
— буюртмачи томонидан автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда бажарилган иш ҳажмларини пудрат ташкилотидан қабул қилиб олишда йўл қурилишига оид ҳужжатларга мувофиқлиги ва сифати таъминланганлигини аниқлаш учун синаш лабораторияси жалб қилинади;
— буюртмачи томонидан томонидан жалб этиладиган синаш лабораторияси аккредитациядан ўтган бўлиши ва уни жалб қилиш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади;
— буюртмачи томонидан пудрат ташкилотининг синаш лабораториясини ёки у томондан жалб этилган синаш лабораториясини жалб қилинишига йўл қўйилмайди.
Дарҳақиқат, мазкур ҳужжат йўл-қурилиш ишларида лаборатория назоратини ягона тартиб асосида ташкил этиш ҳамда қурилиш материаллари ва бажарилаётган ишлар сифати устидан самарали назоратни таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА