Автобус бекатлари бўйича жамоатчилик фикри қандай?
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида қурилаётган янги кўринишдаги автобус бекатлари кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Сабаби янги бекатларнинг қулайлиги, сояланиш даражаси ва жазирама иқлимга қай даражада мос ёки мос эмаслиги юзасидан турли фикр-мулоҳазалар, эътирозлар ва таклифлар билдирилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси ҳам мазкур масалага эътибор қаратиб, пойтахтда экологик ҳамда маҳаллий иқлим шароитига мос “Яшил бекатлар” лойиҳасини пилот тартибида амалга ошириш таклифини илгари сурган эди. Албатта, ушбу ташаббус кенг муҳокама ва мутахассислар таҳлилини талаб этадиган таклифдир.
Партия мазкур масала бўйича аҳоли вакиллари муносабатини бевосита ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказди. Унда фуқароларнинг замонавий бекатлар қандай бўлиши, йўловчилар учун қандай қулайликлар яратилиши ҳамда экологик ечимлардан қай тарзда фойдаланиш бўйича фикрлари тингланди.

Сўровномада иштирок этган фуқаролар қуйидаги фикр ва таклифларни билдирди:
— Автобус бекатлари ҳам ёзда, ҳам қишда талабга жавоб берадиган бўлса, янада яхшироқ бўлар эди.
— Аввалги бекатлар сингари бироз ёпиқроқ бўлиши керак. Ойнали, ёпиқроқ бўлса, салқинроқ бўларди.
— Ёмғир, қор ёққанда ёки қуёшли кунларда йўловчилар ҳимояланиши учун шароит бўлиши керак.
— Ҳозирги бекатлар ноқулай. Чунки шамол, ёмғир, иссиқ кунларда ҳимояланишнинг иложи йўқ, жуда очиқ. Биргина қулайлиги ўтирғичи борлигини айтмаганда, бошқа қулайлиги йўқ.
— Аввалги бекатларимиз анча қулай эди. Ёпиқ ҳолда, дўконлар бор эди, чанқаганда сув олиб ичишга имкон бўларди.
— Автобус бекатларига китоб жавонлари ўрнатиш таклифини билдираман. Бу йўловчиларнинг бўш вақтини бекор ўтказмасликка хизмат қилади.
— Бекатлар бироз узунроқ, ёпиқроқ бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Жамоатчилик вакилларининг бу каби фикр-мулоҳаза ва таклифлари пойтахтимизнинг янги барпо этилаётган бекатларида янада қулайлик яратиш устида ишлаш кераклигини кўрсатмоқда. Жамоатчилик иштироки, таклифлари келгусида бекатлар хавфсиз, қулай, иқлимга, фаслларга мос шаклда такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Экопартия Матбуот хизматининг маълумотларига кўра, партия мазкур масала юзасидан соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда ва яқин кунларда ўз таклифларини Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Транспорт вазирлигига тақдим этади.
М.Комилова, ЎзА