Австрия модели жорий этилади
Австрия давлатининг дунёга машҳур олийгоҳларидан саналган “IMC Krems” – Кремс амалий фанлар университети ректори доктор Хайнц Бойер ҳамда университетнинг илмий тадқиқотлар ва инновациялар бўйича ижрочи директори Удо Кристиан Брендли мамлакатимизга ташрифи доирасида Наманган вилоятида бўлиб, бир қатор мутасаддилар билан учрашишди.
Нуфузли меҳмонлар ташриф давомида даставвал Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов билан учрашиб, университет билан ҳамкорликда меҳмонхоналарни бошқариш, халқаро стандартлар асосида мутахассис ва тренерлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ишларини муҳокама қилишди. Шунингдек, Австрия касбий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма таълим ташаббусларини амалга ошириш, ўқитувчи ва ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, амалий ва дуал таълимни ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.Шундан сўнг

меҳмонлар Чортоқ туманидаги биринчи сонли техникумига келишиб, илму ҳунар маскани фаолияти, шу жумладан амалиёт хоналари, олиб борилаётган таълим дастурлари, моддий-техник базаси, ўқув устахоналари ва лабораторияларини кўздан кечиришди.
Мулоқотлар давомида таълим муассасасининг педагоглари ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, туризм ва меҳмонхона хўжалиги учун кадрлар тайёрлаш бўйича Австрия билан ҳамкорликни ривожлантириш, касбий таълимда халқаро стандартларни жорий этиш, меҳмондўстлик ва меҳмонхона бошқаруви бўйича янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш, амалий ва дуал таълимни ривожлантириш, ўқитувчи ва ўқувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, “Train-the-Trainer” дастурларини ташкил этиш каби қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳамкорликдаги дастур “2+2” шаклида жорий этилиб, дастлабки босқичда талабалар икки йил касбий таълимдан сўнг туризм йўналишида ўқитилиб, “IMC” туризм бўйича дипломига эга бўлади. Кейинги босқичда эса бакалавр дипломига эга талабалар икки семестр меҳмонхона ва гастрономия йўналишида ўқитилиб, “IMC” меҳмонхона бошқаруви дипломини қўлга киритади.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда Австриянинг “IMC Krems” университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ушбу ҳамкорлик энг аввало, касбий таълимни меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, таълим сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мос, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Ташриф дастурига мувофиқ, делегация аъзолари Наманган вилоятининг бир қатор туманларида ҳам бир қатор учрашувларда иштирок этдилар. Айниқса, меҳмонларда Тўрақўрғон туманида жойлашган, уч минг йиллик тарихга эга бўлган Ахсикент археология ёдгорлигида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, қурилаётган очиқ осмон музейларининг ўзига хослиги катта тааассурот қолдирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири