Авлодларни боғлаган маънавий кўприк
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Бурч, жасорат, матонат” шиори остида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ташкил этилди.
Унда узоқ йиллар давомида божхона тизими тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилган фахрий божхона ходимлари, бугунги кунда юртимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида фаолият юритаётган божхоначилар, хизмат вазифасини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган собиқ ходимларнинг яқинлари ҳамда бошқармага бириктирилган 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчи-ёшлари иштирок этди.

Тадбир очилишда Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов сўзга чиқиб, 9 май — Хотира ва қадрлаш кунининг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталди. У ўз нутқида хотира ва қадрлаш тушунчаларининг маънавий мазмуни, уларнинг инсон тарбиясидаги ўрни, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, садоқат, бурч ва фидойилик туйғуларини шакллантиришдаги беқиёс аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида божхона органларида сидқидилдан хизмат қилиб, ҳарбий қасамёди ва шарафли касбига умрининг сўнгги лаҳзасига қадар содиқ қолган ходимлар хотирасига бағишлаб барпо этилган “Хотира бурчаги”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу муқаддас маскан хизмат бурчини адо этиш йўлида жон фидо қилган инсонларнинг жасорати, садоқати ва матонатини абадий ёд этувчи маънавий тимсол сифатида аҳамият касб этади.

“Уч авлод учрашуви” давомида хизмат бурчини виждонан адо этган, ўз ҳаёти ва меҳнати билан ҳақиқий жасорат намунасини намоён этган инсонлар ҳақида самимий хотиралар янгради. Фахрий божхона ходимлари ўз хизмат йилларидаги синовлар, машаққатли кунлар, касб ортидаги юксак масъулият ва Ватан равнақи учун хизмат қилишнинг нақадар шарафли экани ҳақида ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
Айниқса, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган собиқ ходимларнинг яқинлари иштирок этгани тадбирга янада таъсирчан руҳ бағишлади. Уларнинг сабр-матонати, юксак инсонпарварлиги ва Ватанга садоқат тимсоли сифатида кўрсатган намунаси барча қатнашчилар қалбида чуқур ҳурмат туйғуларини уйғотди.

Тадбир якунида ёш авлод вакиллари учун кинолог ходимлар томонидан хизмат итлари иштирокида кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Ушбу чиқишлар ўқувчиларда божхона хизмати фаолияти ҳақида яқиндан тасаввур ҳосил қилиш, соҳанинг масъулиятли ва шарафли жиҳатларини англаш ҳамда келажакда ушбу касбга қизиқиш уйғотишда муҳим аҳамият касб этди.
Зариф Комилов, ЎзА