Аттестациядан ўтишни истаган ўқитувчилар кўпайди
Самарқанд вилояти педагогик маҳорат марказида вилоятдаги таълим муассасалари педагогларининг навбатдаги малака тест синовлари бошланди.
Маълумотларга кўра, бу галги аттестация синовларида иштирок этиш учун самарқандлик ўқитувчилардан 34 мингдан ортиқ ариза тушган ва уларнинг 26 мингга яқини қабул қилинган.
– Синовларда қатнашадиган ўқитувчиларнинг 3 мингдан ортиғи мажбурий аттестацияга жалб этилган бўлса, 23 мингга яқини ихтиёрий равишда аттестацияда қатнашиш истагини билдирган, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг аттестация жараёнларига масъул ходими Фаррух Болтаев. – Кузги тест синовлари олдидан платформа тўлиқ янгиланди ва унда аввал кузатилган айрим камчиликлар бартараф этилди. Масалан, педагог калькулятордан фойдаланиши ёки саволларда ноаниқликлар юзага келадиган бўлса, шу ернинг ўзида платформа орқали масъулларга шикоят юбориши мумкин. Шунингдек, мажбурий аттестацияга жалб этилган педагогнинг миллий ёки халқаро сертификати бўлса, унга имтиёзлар берилади. Жумладан, инглиз тили ўқитувчиси мажбурий аттестацияга жалб этилган бўлиб, у чет тилини билиш бўйича миллий сертификатга эга бўлса, унга фанни билиш бўйича максимал балл берилади ва қолган касбий стандарт ва педагогик маҳорат саволларига жавоб беради.
Аттестация жараёнларига ўз ихтиёри билан қатнашадиган педагоглар сафи йилдан йилга ортиб бормоқда. Чунки, ойлик маошга 70 фоизли устама, вазирлик устамаси ва “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловида иштирок этиш айнан аттестация натижасига боғлиқ. Тест синовларида 86 ва ундан юқори балл тўплаган биринчи ва олий тоифали ўқитувчилар 70 фоизли устамага эга бўлади ҳамда вазир устамасига даъвогарлик қилади. Аттестация имтиҳонида биринчи марта қатнашаётган педагог тестдан ўтса, унга иккинчи тоифа берилади. Педагог аввалгидек маълум йил ўтишини кутмасдан кейинги аттестацияда иштирок этиши ва биринчи тоифани қўлга киритиши мумкин.
[gallery-32225]
– Икки йилдан буён мактабда ишлайман ва бу йил биринчи марта аттестация имтиҳонида қатнашдим, – дейди Жомбой туманидаги 40-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Моҳира Жозилова. – Аттестацияга мустақил тайёрлангандим. Ўз фаним бўйича саволларга юз фоиз тўғри жавоб бердим, касбий стандартдан битта ва педагогик маҳоратдан иккита хато қилибман. 94 баллни қўлга киритиб, иккинчи тоифага эга бўлдим.
Кузги аттестацияда қатнашиш учун энг кўп ариза – 6674 та ариза бошланғич таълим ўқитувчиларидан тушган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари