Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида Корея билан ҳамкорлик кенгайтирилади
Давлат экологик экспертизаси маркази делегацияси Корея Республикасига ташриф буюрди.
Мазкур ташриф давомида Корея Атроф-муҳит институти (KEI) билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини рақамлаштириш, стратегик экологик баҳолаш соҳасини такомиллаштириш, синов лабораториясини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни кенгайтириш ва икки томонлама англашув меморандумини имзолаш кўзда тутилган.
Ташриф доирасида Жанубий Кореяда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик экспертизаси маркази делегацияси вакилларига Ўзбекистоннинг Атроф-муҳитни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ва мамлакатнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш имкониятларини кучайтиришга қаратилган йўл харитасини ишлаб чиқиш юзасидан семинар ташкил қилинди.

Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда энергетика, кимё, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда 726 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Корея Республикаси эса Ўзбекистоннинг жадал ва инновацион ривожланишида асосий шериклардан бири ҳисобланади. Хусусан, Корея Республикасининг етакчи ташкилотлари томонидан мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Мисол учун “Яшил Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида КОИCА билан ҳамкорликда 2019-2023 йилларда 4 миллион дона дарахт экилган. Корея ҳукумати ва БМТ ҳамкорлигида Орол денгизи қуриган ҳудудларида тупроқ эрозиясини камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электростанцияси қурилмоқда. Бу лойиҳалар Корея Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда ва Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ўсишига катта ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассисларининг Кореяга ташрифи давомида Корея Республикаси Атроф-муҳит институти, Атроф-муҳитни баҳолаш гуруҳи билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумда KOICA томонидан қўллаб-қувватланаётган “Технологик базани такомиллаштириш ва илғор мониторинг тизими технологияларини жорий этиш орқали Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик атроф-муҳитни баҳолаш тизимини мустаҳкамлаш” лойиҳа концепцияси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, жамоатчилик иштирокини ошириш ҳамда экологик қарорлар қабул қилиш жараёнларига кенг жалб қилиш ва углерод изини камайтиришга қаратилган пилот лойиҳаларни амалга ошириш каби вазифалар кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА