Атроф-муҳит муҳофазаси энг муҳим вазифа
Тошкент вилоятида чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўлими, Ҳисоб палатаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари ҳудудда чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш, қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати билан танишди.

Тошкент вилояти бўйича ҳозир 22 та ҳудудда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати йўлга қўйилган. Бу борада 17 та ҳудудда "Тоза ҳудуд" ДУК ҳамда муқобил компаниялар хизмат кўрсатмоқда. Ангрен, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Паркент, Тошкент, Юқори Чирчиқ туманларида давлат хусусий шериклик асосида ишламоқда. Бу соҳада жорий йил 1 август ҳолатига туман-шаҳарлардаги маҳаллаларда яшовчи аҳолининг 89 фоизига хизмат кўрсатиляпти. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозир вилоят бўйича аҳоли ва хўжалик субъектлари томонидан чиқарилаётган маиший чиқиндиларнинг кунлик ҳажми 1 минг тоннани ташкил этмоқда. Жойлардаги маиший чиқинди полигонларига ўрта ҳисобда 580 минг 931 тонна чиқиндилар жойлаштирилиб рекултивация қилинган. Бироқ рўйхатдан ўтказилган жами 39 та чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналаридан 10 тасининг фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари доирасида, Европа давлатларининг тажрибасидан келиб чиқиб, чиқиндиларни саралаш ҳамда қайта ишлаш йўналишини жорий этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ ишларни ривожлантириш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттирмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.