Асрлар давомида номаълум бўлган ноёб қўлёзма университет кутубхонасидан топилган эди
Ўтган асрнинг ўрталарида Тошкент давлат университети кутубхонасида сақланаётган бир қўлёзма чуқур ўрганилгач, узоқ йиллар давомида йўқолган деб ҳисобланган, XIV асрга оид улкан қомусий манба экани маълум бўлди.
Юртимиз қўлёзма хазиналарида сақланаётган ноёб манбалар ўтмишдаги юксак ақлий маданият, илмий муҳит ва халқаро алоқаларнинг гувоҳидир. Бадриддин Иброҳимнинг узоқ вақт давомида фақатгина кейинги давр манбаларидаги қисқа иқтибослар орқалигина маълум бўлган, бироқ асл нусхаси йўқолган деб ҳисобланган “Зафангўё ва жаҳонпўё” (“Сўзловчи ва жаҳонни кезувчи”) номли изоҳли луғати ана шундай асарлардан биридир. Ушбу асар XV–XVII асрларда тузилган қатор нуфузли манбаларда муҳим қўлланма сифатида мунтазам тилга олинган бўлса-да, унинг тўлиқ матни бир неча юз йил мобайнида олимларга номаълум бўлиб келган эди.
Мазкур йўналишдаги муҳим илмий янгилик 1964 йилда юз берди. Шарқшунос олим Соломон Баевский Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) кутубхонасида сақланаётган ва муқовасига умумий тарзда “Фарҳангнома” деб ёзиб қўйилган 809/292-рақамли қўлёзмани синчковлик билан кўрикдан ўтказади. Манбашунослик таҳлиллари ушбу нусха айнан илмий жамоатчилик қидираётган “Зафангўё ва жаҳонпўё” асари эканини исботлади. Қўлёзма 1711 йилнинг 6 августида (ҳижрий 1123 йил жумадиссоний ойининг 21-куни) кўчирилган бўлиб, котиб ўзини Насаф шаҳри билан боғлайди. Шу тариқа, Тошкентдаги қўлёзмалар хазинаси шарқ луғатчилик тарихининг яна бир номаълум саҳифасини ёритишга хизмат қилди.
Шарқшунос Соломон Баевский ўз тадқиқотларида таъкидлаганидек, Бадриддин Иброҳимнинг мазкур асари ўша давргача шаклланган луғатчилик тамойилларини сезиларли даражада янгилади. Илгари яратилган луғатлар асосан шеърият талабларига мослаштирилиб, сўзлар қофиядошлик тартибида жойлаштирилган бўлса, “Зафангўё ва жаҳонпўё” амалий мулоқот, ҳунармандчилик, иқтисодий алоқалар ва кундалик ҳаёт эҳтиёжларини ҳам қамраб олган. Муаллиф анъанавий усулдан воз кечиб, сўзларни бош ҳарфи бўйича тартиблаш йўлини тутганки, бу ҳол керакли маълумотни тез топиш имконини берувчи илғор ёндашув эди.
Қўлёзма 5170 дан ортиқ луғат мақоласини ўз ичига олган бўлиб, етти йирик бўлимдан иборат. Асарнинг ҳар бир қисми аниқ бир мавзулар гуруҳига бағишланган: бир ва икки ўзакли мустақил сўзлар, қариндошлик атамалари, кийим-кечак, безаклар, қишлоқ хўжалиги қуроллари, оғирлик ўлчовлари, табобат ва ўсимлик номлари алоҳида ажратилган. Учинчи бўлимда эса феълларнинг бош шакллари муайян қоидалар асосида жамланган. Бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар ҳам тўртинчи ва бешинчи бўлимларда кундалик турмуш, ҳунармандчилик ҳамда касб-кор соҳалари бўйича тасниф этилган.
Манбанинг Марказий Осиё маданий тарихи учун энг қимматли жиҳати унинг еттинчи қисмида ўз ифодасини топган. Соломон Баевский кўрсатиб ўтганидек, унда қадимий туркий атамалар, сонлар, рўзғор буюмлари, ҳайвонот ва наботот оламига оид бой луғат бойлиги алоҳида бўлим сифатида тизимга солинган. Бу далил ўша замонлардаёқ туркий сўзларнинг минтақавий муомалада муҳим мавқега эга бўлганини тасдиқлайди.
Қўлёзма варақларида матн 18 сатрдан иборат қора сиёҳли настаълиқ хатида битилган бўлиб, сўзларнинг тўғри талаффузи, нозик маъно қирралари ва маҳаллий шева хусусиятлари батафсил изоҳланган. Асар якунидаги кўчма маъноли иборалар таҳлили эса тилшуносликнинг мураккаб соҳаларидан бири бўлган иборашуносликни шакллантиришда жиддий тажриба бўлиб хизмат қилади. Тошкентда сақланиб қолган мазкур қўлёзманинг илмий жараёнга қайтарилиши юртимизда китобат санъати нечоғлик теран илдизга эга эканини исботловчи далилдир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА