Ўзбек халқининг умуммиллий бойлиги ҳисобланадиган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига, “Бойсун маданий муҳити”, “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Катта ашула”, “Аския”, “Палов маданияти ва анъаналари” номзодлари Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани юртимиз маданий меросининг дунё миқёсида эътироф этилганига ёрқин мисол бўла олади.
Халқимизнинг маданий мероси орасида аския санъати узоқ асрлик тарихий такомили билан ажралиб туради. 2014 йил 27 ноябрь куни ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилган Номоддий маданий мерос қўмитасининг 9-сессиясида халқимизнинг аския санъати инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилганлиги тарихий воқеа бўлди.
Фарғона давлат университети доценти, филология фанлари доктори Ҳикматилло Дўсматов билан суҳбатимиз ҳам аския санъати, унинг ўзига хос жиҳатлари, ривожланиш босқичлари ҳақида бўлди.
– Аския жуда катта ҳаётий тажриба, билим ва ижодкорликни, фаросат, ақл-идрок, зийраклик билан фаҳмлаш, саволларга ўринли, муносиб жавоб беришни талаб қиладиган сўзамоллик беллашувидир, – дейди Ҳ.Дўсматов. – Аскиячилик санъатида сўзга чечан, ҳозиржавоб, ҳазил-мутойибага мойил, заковатли, топқир, бадиҳагўй кишилар бир-бирига “рақиб” сифатида қарама-қарши туриб сўз ўйини қилади.
Ўзаро алоқа аралашувда, кундалик ҳаётда, ўтиришларда, тўй-томошаларда, турли сайл ва байрамларда асрлар давомида ижро этиб келинаётган аския сўз санъати ўзбек халқининг миллий жиҳатларини, хусусан, ўзбек тилининг ўзига хослигини намоён этади.
Халқимиз азалдан закий, нозикфаҳм ва ҳозиржавоб бўлганлиги боис аския (азкиё, яъни закий, зарофат, нозиктаъб) сўз санъати ҳам айнан халқимиз орасида ривожланиб, санъат даражасига кўтарилган. Кулги қўзғатувчи сўз ва қочиримлар, ҳозиржавоблик ва закийликни намоён этувчи сўз ўйинлари, ҳазил-мутойибалар, аския ва пайровлар юз йиллар мобайнида ҳаётий тажрибалар негизида яратилган. Аския ва пайровлар инсон тафаккурининг ҳозиржавоблиги, зеҳни ўткирлиги, ақл-идрок ва донолигини билдиради, унинг негизида сўз ўйинлари, қочириқлар, чандишлар, киноялар, муболағалар ётади. Аския фикрлаш мусобақасидан иборат сўз санъати ҳамдир. Аския халқимизни, хусусан, ёшларни сўзга чечан, закий ва нозикфаҳм қилиб тарбиялашда катта рол ўйнайди. Сўзамоллик ва қочириқларга мойиллик ўзбек халқига хосдир. Бу ҳақида Л.Бать “Унутилмас учрашувлар” китобида шундай ёзади: “Ўзбек поэзияси ҳикматли маъноларга бойлиги, яширин фикр сеҳри билан ажралиб туради. Сўзамоллик ўзбекларга хос хусусиятлардан биридир”. Турли халқ вакиллари ўзбек аскиябозларининг санъатига, бу жанрнинг бетакрор ифода шакли, экспромт, ижрочилик хусусияти ва бошқа антиқа жиҳатларига лол қолганликлари ҳақида маълумотлар мавжуд. Ўрта Осиё халқлари ҳаётининг тадқиқотчиси Н.С.Ликошин “Туркистонда ярим умр” (“Пол жизни в Туркистане”) китобида: “Ўзбек халқ санъати ва ўйинлари ичида аския энг фикрга бой, кишилар ҳиссиётига ва онгига таъсир этувчи энг таъсирчан восита, кишини ҳайратда қолдирадиган оригинал баҳс (диспут)” деб баҳолайди. Ўзбек санъати тадқиқотчиларидан бири, йирик олим А.Л.Троицкая аския бўлаётган вақтда тингловчиларнинг йиқилгунга қадар кулишганларини кузатиб, бу санъатнинг таъсир кучига лол қолганлиги ҳақида ёзади.
“Аския” атамаси, тахминан, XVII асрдан бошлаб истеъмолга кирган. Ундан олдин “айтиш” ва “зарофат” атамалари қўлланган. Зарафшон, Қашқадарё ва Сурхон водийсида суханпардозларнинг тортишувлари “аксия” деб ҳам юритилади.
– Аския жанр сифатида қандай ривожланган? Юртимизда унга ҳисса қўшганлар ҳақида ҳам тўхталсангиз?
– Ҳар бир халқда ҳазил-мутойиба, айтишув, аския мавжудлигини инкор этмаслигимиз лозим. Масалан, қозоқ ва қирғиз халқларида “айтис” жанри, Европа халқларидаги интермедиялар ҳозиржавоблик билан ижро этилади. Баъзан латифаларда аскияга ўхшаш вазиятлар ҳам учрайди. Аммо аския бошқа халқларда муайян хусусиятларга эга алоҳида жанр сифатида учрамайди. В.Г.Белинский тўғри таъкидлаганидек: “Халқнинг фикрлаш ва ҳис этиш тарзида ҳам миллий хусусият намоён бўлиши керак”. Ўзбек аскияси бошқа халқларнинг оддий ҳазил-мутойибасидан фарқ қиладиган муҳим жиҳати шундаки, у миллий жанр сифатида санъат даражасига кўтарилган ҳамда халқаро миқёсда тан олинган.
Аския алоҳида жанр сифатида, асосан, XV асрдан шаклланган. Бу даврда Мир Сабираҳча, Мавлоно Бурҳони ланг, Саид Ғиёсиддин шарфа, Мавлоно Ҳалил саҳоф, Муҳаммад Бадаҳший каби машҳур аскиячилар яшаган. Булар орасида энг истеъдодлиси ва атоқлиси Мавлоно Абдулвосеъ мунший бўлган. Тарихчи олим Б.Аҳмедовнинг айтишича, аския Амир Темур даврида анча ривожланган. Амир Темурнинг ўзи ҳам яхшигина аскиячи бўлган деган асослар бор. “Балиқ ови” дан аския қилишни яхши кўраркан. Боязид ҳам чиройли аския қилган экан: “Дунё бир кўр билан бир чўлоққа қолганини қара” деб.
Алишер Навоий яшаган даврда адабиёт ва санъат ниҳоятда ривожланди. Шоир Зайниддин Маҳмуд Восифий ўз мемуарида ёзишича, Ҳиротда бадиий сўз усталари – Ҳофизи Босир, Ҳофизи Мир, Ҳофизи Ҳасан Али, Ҳофизи Султон Маҳмуд биши, Шод Муҳаммад каби ажойиб кишилар яшаган. Ҳиротнинг машҳур аскиячиларидан Мирсарбар Рахно, Бурҳони гунг, Ҳасан Воиз, Сайид Ғиёсиддин Шарфи, Ҳалил Саҳҳоб, Муҳаммад Бадахшилар ўткир сўз санъаткорлари бўлиб танилганлар. Навоий машҳур аскиячи Муҳаммад Бадахшини “аскиянинг пири” деб атаган.
XVIII-XIX асрларда аскиячилик, айниқса, Фарғона водийси (айниқса, Қўқон ва Марғилон) ва Тошкентда ривожланган. Бачқир қишлоғи (Фарғона водийси) да деҳқон юзбоши Шерназаров (1860-1942) ва Зангиота қишлоғи (Тошкент)да Саидаҳмад аскиячи (1880-1940) каби машҳур аскиячилар ўтган. Уларнинг аньаналарини XX асрнинг 40-йилларидан кейин Эрка қори Каримов, Мамаюсуф Тиллабоев, Юсуфжон Қизиқ Шакаржонов, Расул қори Мамадалиев, Ака Буҳор Зокиров ва бошқалар давом эттирдилар. 50-йиллардан аския кoнцерт дастурларига ҳам киритилди. Лутфиҳоним Саримсоқова, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Муҳаммаджон Мирзаев, Ғанижон Тошматов, Гавҳар Раҳимова, Сойиб Хўжаев каби санъаткорлар аскияни театр саҳнасига олиб чиқиб, томошабинларга манзур қилганлар.
Шунингдек, сўз усталари Ҳожи Сиддиқ Исломов, Турсунбува Аминов (Ижроқўмбува), Сулаймон қори, Охунжон Қизиқ, Усмон қори, Жўрахон Султонов, Ғанижон Тошматов, ака-ука Мадаминжон ва Зайнобиддин Юсуповлар, Мамарозиқ Исҳоқов, Раҳматқул ва Абдуллажон Яшаровлар, Абдулҳай Маҳсум Қозоқов, Мамажон Мадаминов, Ғуломжон Рўзибоев, Абулқосим Тўйчиев, Ҳасанбой Султонов, Жўрахон Пўлатов, Неъматжон Тошматов, Мамасидиқ Шераев, Хотамжон Тешабоев, Эркинжон Саидаҳмедов, Абдусамат Юсупов, Мансуржон Оҳунов, Баҳодиржон Шокиров, Олимжон Усмонов, Қаҳрамон Абдувалиев, Абдураҳмон Қулматов, Жумабой Ҳуралиев, Ғофиржон Мирзаев, Ҳотамжон Ҳакимжонов, Мамасидиқ Алихонов, Қаҳрамон Абдувоҳидов, Тошкентда ака-ука Шожалиловлар аския ривожига катта ҳисса қўшган.
Собиқ иттифоқ ҳукмронлиги пайтида, айниқса, октябрь тўнтаришининг биринчи йилларида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Тўхтасин Жалилов, Ваҳоб Аъзамов, Т.Тожизода ўзлари ташкил этган томошаларида ундан душманга қарши “ўткир” санъат воситаси сифатида фойдаланишди. Аския санъатини ўрганишга қизиқиш 1960 йилдан эътиборан бошланди. Шунгача Шариф Ризонинг 1940 йилда “Гулистон” журналининг 4-сонида босилган “Халқ санъаткорлари” мақоласи билан А.Л.Троискаянинг “Ўзбекистон халқ театри” қўлёзмасида аскияга бағишланган бир бўлимча ҳамда ўзбек сатираси муаммоларига бағишланган айрим мақолалар бор эди, холос. 1962-1965 йилларда Фарғона водийси анъанавий театрини ўрганиш бўйича уюштирилган экспедициялар даврида олимлар қаторида Ўзбекистонда хизмат кўсатган фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори Муҳсин Қодиров ҳам аскияни ўрганиш ва ёзиб олишга эътибор берди.
Аскияни биринчи бўлиб атрофлича ўрганган олим Расул Муҳаммадиев ҳисобланади. Ўзи ҳам яхшигина аскиячи бўлган, лутф, суханпардозликнинг қадрига етадиган олимнинг саъй-ҳаракати билан Тошкент давлат университети уч бор аския экспедициясини ташкил этади, кўп марта аскиячилар бир жойга уюштирилади, янгидан-янги пайровлар ёзиб олинади, суҳбатлар ўтказилади. Экспедиция натижалари Р.Муҳаммадиевнинг 1962 йилда босилган “Аския” номли илмий ишида ва 1970 йилда чоп этилган “Аския” тўпламида умумлаштирилади. Булардан ташқари “Аския” ҳужжатли фильми ҳам яратилди.
Бугунги кунда Марғилонда Мамасидиқ Шераев раҳбарлигида, Қўқонда Акромжон Анваров бошчилигида, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида Муҳиддин Султонов, Наманган вилоятининг Норин туманида Ғофуржон Мирзаев раҳбарлигида аскиячилик мактаблари фаолият юритмоқда. Шулардан Неъматжон Тошматов “Шуҳрат” медали, Абдулҳай Махсум Қозоқов, Ғуломжон Рўзибоев, Ҳотамжон Ҳакимжоновлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ҳасанбой Султонов, Рустам Ҳамроқулов, Жўрахон Пўлатов, Мамасидиқ Шераевлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.
Фарғона санъат мактабида аскиячилик йўналишида ўқувчилар аския санъатининг сир-асрорларини ўрганмоқда. Республикамиздаги мавжуд олий ўқув юртлари филология йўналиши талабалари томонидан махсус диалектологик амалиёт олиб борилмоқда. Айниқса, ҳар йили мунтазам равишда “Аскиячи ва қизиқчилар” республика танлови ўтказилаётганлиги, боғларда “Аския сайллари” ташкил қилинаётганлиги, миллий байрамларимизда аскиячилар чиқишларига кенг ўрин берилаётганлиги минглаб тингловчиларга яхши кайфият бағишлаб келмоқда. Аския санъатини янада оммалаштириш бўйича Фарғона вилоятида кўплаб ишлар қилинмоқда. Марғилонда аския мактаби бунёд этиш амалий ишларга киришилмоқда. Аския сўз санъатимизни ривожлантириш борасидаги бу каби саъй-ҳаракатлар ўзбек аскиячилик санъатининг халқаро миқёсда янада оммалашишига, ёшларни нозикфаҳм, сўзга чечан ва закий бўлиб камол топишига хизмат қилади.
М.Сулаймонов, ЎзА