Аскарларга касб ўрганиш учун имконият берилмоқда
Ҳарбий хизмат – йигит учун Ватан олдидаги бурчни адо этиш, ирода ва матонатни чархлаш мактаби. Аммо бу даврни келажак учун яна бир муҳим имкониятга айлантириш мумкин. Жиззах вилоятида амалга оширилаётган ташаббус ана шу фикрнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати Муродбек Раҳмонбердиев ташаббуси билан Миллий гвардия сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларни замонавий касбларга ўқитиш ишлари йўлга қўйилди. Ташаббуснинг моҳияти оддий: йигитлар Ватан ҳимояси вазифасини бажараётган бир пайтда хизматдан кейинги ҳаёти учун ҳам зарур касбий кўникмаларни эгалласин.


Жиззах вилоятидаги Миллий гвардия бўлинмаларида хизмат қилаётган аскарлар замонавий касб-ҳунарларга ўқитилди. Ўқув жараёнини муваффақиятли якунлаган ҳарбий хизматчиларга эгаллаган мутахассислигини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.
Қўлга тутилган сертификат оддий қоғоз эмас. Айниқса, мазкур ҳужжатлар эгаларига мутахассислиги бўйича нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларда ҳам меҳнат қилиш имкониятини бериши ташаббуснинг амалий аҳамиятини янада оширади.


Бугун меҳнат бозорида касбнинг ўзи етарли эмас, замонавий талабларни биладиган, амалий кўникмага эга мутахассисга эҳтиёж бор. Шу маънода ҳарбий хизматни касб-ҳунар эгаллаш билан уйғунлаштириш ёшнинг икки муҳим мактабдан – ҳарбий интизом ва касбий тайёргарлик мактабидан бирдек ўтишига замин яратади.
Муродбек Раҳмонбердиев ташаббусининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда ёшлар бандлиги масаласи ҳарбий хизматнинг давоми сифатида эмас, балки йигитнинг келажаги билан боғлиқ яхлит жараён сифатида қаралмоқда. Зеро, бугун касб ўрганган аскар эртага хизматдан қайтгач, меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлиш учун тайёр ҳолда ҳаётга қадам қўяди.


Аслида, ёшларга берилган энг катта ёрдам унинг ўрнига ишлаб бериш эмас, балки ўз меҳнати билан ўз келажагини қуриши учун имконият яратишдир. Жиззахдаги мазкур ташаббуснинг қиммати ҳам ана шунда.

Ҳарбий хизмат муддати якунланади. Аммо шу даврда эгалланган касб, орттирилган малака ва қўлга киритилган сертификат йигитнинг кейинги ҳаётида узоқ йиллар хизмат қилиши мумкин. Демак, бу ташаббуснинг самараси бугун топширилган сертификатлар билан эмас, эртага мустақил касб эгаси бўлиб, меҳнат қилаётган ёшлар тақдирида янада яққол намоён бўлади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири