Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Асилбек Ашуров дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлган АҚШдаги Чикаго университетида ўқиш учун 420 000 доллар миқдоридаги грантни қўлга киритди.
Бу ютуқ аввало Асилбекнинг илм-фан, таълим ва ижодга бўлган катта қизиқиши ва меҳнатининг маҳсулидир.
Давлатимиз томонидан таълим ривожланиши йўлидаги ғамхўрликлар, яратилган замонавий шароитлар, илм-фан ва технологиялар соҳасидаги илғор ёндашувлар, шунингдек, чет элда таълим олиш учун берилган грантлар ёшларимизнинг халқаро майдонда муваффақият қозонишига ёрдам бермоқда.
– Мактабимизнинг иқтидорли ўқувчиси Асилбек Ашуров ўтган йили мактабимизда ўтказилган “Мактаб президенти” танловида иштирок этиб, ғолиб чиққанди. Нафақат инглиз тили, мактабимизда ўтиладиган бошқа фанларнинг чуқур билимдони, фаол, ташаббускор ўқувчиларимиздан.
Қолаверса, у инглиз тилидан халқаро имтиҳонда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 7,5 бални қўлга киритган. Унинг ютуқлари Президент мактаби ўқувчилари– барча тенқурларига ўз устларида ишлаб, ўқув фанларни чуқур ўрганишга, келгусида ўз танлаган соҳалар бўйича олий ўқув юртларига ўқишга кириб, яхши мутахассис бўлиб етишишига катта туртки беради,–дейди Президент мактаби директори ўринбосари Шоҳиста Номозова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири