Арктикага йўл: тошкентлик ўқувчи қиз халқаро саралашда ғолиб бўлди
Пойтахтимиздаги 246-сонли мактабнинг 11-ўқувчиси Эъзоза Бешимжонова “Билимлар музёрари” халқаро Арктика экспедицияси учун ўтказилган саралашда ғолиб чиқиб, Ўзбекистон номидан иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жорий йилнинг 4 август куни экспедиция иштирокчилари “Ғалабанинг 50 йиллиги” атом музёрарида Мурманскдан йўлга чиқиб, Шимолий қутб сари сафарни бошлайди.
Таъкидлаш керакки, “Билимлар музёрари” 14-16 ёшли мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган илмий-маърифий лойиҳа бўлиб, “Росатом” давлат корпорацияси кўмагида амалга оширилади. Лойиҳа 2024 йилдан буён халқаро миқёсда ўтказиб келинмоқда. Бу йил экспедиция еттинчи марта ташкил этилиб, Россия ҳамда 22 хорижий давлатдан келган иштирокчиларни бирлаштиради.
Эъзоза “Билимлар музёрари” халқаро экспедицияси саралашида ғолиб чиққан иккинчи ўзбекистонлик мактаб ўқувчиси ҳисобланади. Илк бор 2025 йилда ушбу экспедицияда Ўзбекистон номидан Алина Чембаева иштирок этган.
– Мен ўтган йили “Билимлар музёрари” экспедициясида иштирок этган Алина Чембаева билан суҳбатлашган эдим. Унинг Арктика ҳақидаги ҳикояси менда катта қизиқиш уйғотди. Чунки бундай халқаро дастур борлигини аввал билмасдим. Кейин ёзги лойиҳаларни излаётганимда, шу суҳбат ёдимга тушди ва ариза топширишга қарор қилдим. Ўзимни синаб кўришни, янги тажриба орттиришни истадим. Шунинг учун бундай нуфузли саралашда иштирок этиш имкониятини қўлдан бой беришни хоҳламадим, – дея таъкидлади у.
Халқаро саралаш уч босқичда ўтказилди. Дастлаб иштирокчилар табиий фанлар, янги технологиялар, атом энергетикаси ва Арктикани ўзлаштиришга оид саволлардан иборат илмий викторинада қатнашди. Кейин улар экспертлар вебинарларида иштирок этиб, тақдим этилган материаллар асосида топшириқларни бажарди. Дастлабки икки босқич натижаларига кўра, ҳар бир мамлакатдан ўн нафардан финалчи саралаб олинди. Якуний босқичда эса иштирокчилар “Атом технологиялари бугунги кунда дунёни қандай ўзгартирмоқда?” мавзусида қисқа видеотақдимот тайёрлади.
2025 йилда Эъзоза Бешимжонова UniSat 3.0 таълим дастурида иштирок этиб, мамлакатнинг турли ҳудудларидан сараланган қизлар билан бирга наносунъий йўлдошларни йиғишда қатнашди. Октябрь ойида улар тайёрлаган иккита наносунъий йўлдош Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги Шеге овулида жойлашган 11-сонли мактаб ҳудудидан стратосферага учирилди.
Экспедиция ўн кун давом этади. Бу вақт ичида иштирокчилар тадқиқотчилар, муҳандислар ва атом саноати мутахассислари билан учрашиб, маърузалар, муҳокамалар, маҳорат дарслари ҳамда илмий тажрибаларда иштирок этади. Режага кўра, “Ғалабанинг 50 йиллиги” атом музёрари 8 август куни Шимолий қутбнинг географик нуқтасига етиб боради.
Эъзоза Бешимжонова учун бу нафақат илк халқаро сафар, балки орзусидаги экспедиция ҳамдир. У биринчи марта океанни кўради ва Шимолий қутбга сафар қилиш имкониятини ҳаётидаги унутилмас воқеалардан бири, деб баҳолайди.
– Катта масъулиятни ҳис қиляпман. Ўзбекистон номидан ушбу экспедицияда иштирок этаётганим мен учун улкан шараф. Мен нафақат юртимизни муносиб намоён этишни, балки ўзбекистонлик қизлар ҳам илм-фан ва халқаро лойиҳаларда юксак натижаларга эриша олишини кўрсатишни истайман. Бу мен учун катта ишонч ва янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди, – деди Эъзоза.
Эслатиб ўтамиз, “Билимлар музёрари” халқаро лойиҳаси табиий фанлар ва атом технологияларини ёшлар ўртасида оммалаштиришга қаратилган. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, бу йилги саралаш босқичида иштирок этиш учун 22 мамлакатдан қарийб 5 мингта ариза келиб тушган. Унинг аввалги олти мавсумида Арктика экспедицияларида турли мамлакатлардан 400 нафардан зиёд мактаб ўқувчиси қатнашган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА