АҚШнинг давлат қарзи тарихий даражага етди
Қўшма Штатлар Молия вазирлиги мамлакат давлат қарзи илк бор 40 триллион долларлик рекорд чекловдан ошганини эълон қилди. Эътиборлиси, ушбу кўрсаткич шу йил баҳорида 39 триллион долларни ташкил этган.
“Reuters” нашри ёзишича, сўнгги йигирма йил ичида турли молиявий инқироз ҳамда пандемия оқибати сабабли қарз миқдори 6 триллион доллардан ҳозирги даражага чиққан. Фақат охирги 10 йил айни кўрсаткич икки баробар ортган.
Молия вазирлиги ахборотига кўра, ташқи ва ички сармоядорлар олдидаги қарз юки 32 триллион доллардан ошиб, деярли мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмига тенглашиб қолди. Иқтисодий таҳлил бюроси маълумотида эса давлат қарзи Иккинчи жаҳон уруши давридан бери илк бор миллий иқтисодиёт ҳажмидан ортиб кетганига эътибор қаратилган.
Конгресснинг Бюджет бошқармаси башоратида қарз миқдори 2030 йилга бориб ЯИМнинг 108 фоизини, ўн йилдан сўнг 120 фоизини ташкил этиши айтилган. Федерал захира тизими раҳбари Жером Пауэлл мавжуд вазият ҳозирча назоратда эканига урғу берди. Қарз олиш суръати мамлакат иқтисодиётига нисбатан анча тез ўсаётгани боис, узоқ муддатли истиқболда хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Президент Дональд Трамп 2016 йилдаги илк сайлов олди кампаниясида 19 триллион долларлик қарзни саккиз йил ичида тўлиқ узишга ваъда берган. Амалда эса молиявий майдон аксинча манзарани кўрсатмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА