Анқара ва Ар-Риёд миграция соҳасида ҳамкорликни кучайтиради
Куни кеча Туркия ва Саудия Арабистони расмий вакиллари ўртасида ички ишлар соҳасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, учрашувда Туркия ички ишлар вазири ўринбосари Меҳмет Жангир ва Саудия Арабистони ички ишлар вазири ўринбосари шаҳзода Абдулазиз бин Муҳаммад бин Айёф иштирок этган.
Ўзаро мулоқотда паспорт ва рақамли идентификация тизимлари, хорижий фуқароларнинг яшаш учун рухсатнома олиш жараёнлари, икки давлат ўртасида ички ишлар соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, «Макка йўли» лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув доирасида Туркия Ички ишлар вазирлиги Миграция бошқармаси вакиллари Саудия Арабистони томонига мамлакатнинг миграция жараёнларини бошқариш соҳасидаги тажрибаси ҳақида маълумот берди. Томонлар мазкур йўналишда тажриба ва ахборот алмашинувини кенгайтириш, замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш ҳамда тегишли идоралар ўртасидаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқди.
Маълумот ўрнида: «Макка йўли» Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги томонидан «Saudi Vision 2030» дастури доирасида амалга оширилаётган зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ташаббусларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа ҳаж зиёратчиларининг Саудия Арабистонига кириш билан боғлиқ асосий расмий жараёнларини улар йўлга чиқишидан олдин ўз мамлакатларида амалга оширишни назарда тутади. Жумладан, электрон ҳаж визасини расмийлаштириш, биометрик маълумотларни олиш, паспорт назорати, тиббий талабларни текшириш, шунингдек, юкларни саралаш ва махсус белгилаш ишлари олдиндан бажарилади.
Натижада зиёратчилар Жиддадаги Қирол Абдулазиз халқаро аэропорти ёки Мадинадаги Шаҳзода Муҳаммад бин Абдулазиз халқаро аэропортига етиб келгач, қўшимча расмиятчиликларсиз махсус йўлаклар орқали автобусларга ўтиб, тўғридан-тўғри яшаш жойларига йўл олади. Уларнинг юклари эса тегишли хизматлар томонидан манзилга етказиб берилади.
Туркия мазкур ташаббус иштирокчиларидан бири бўлиб, 2026 йилги ҳаж мавсумида ҳам мамлакатда «Макка йўли» дастури амалга оширилди. Саудия Арабистони расмий маълумотларига кўра, жорий йилнинг 18 апрель куни Истанбул ва Анқара аэропортларидан ушбу лойиҳа доирасидаги дастлабки зиёратчилар рейслари Мадинага йўл олган.
2026 йилда «Макка йўли» ташаббуси қамрови 10 мамлакатдаги 17 та хизмат кўрсатиш нуқтасигача кенгайтирилди. Улар қаторида Туркия билан бирга Марокаш, Индонезия, Малайзия, Покистон, Бангладеш, Кот-д’Ивуар, Мальдив ороллари, Сенегал ва Бруней ҳам бор. Саудия Арабистони расмий маълумотига кўра, 1447 ҳижрий йил ҳаж мавсумида мазкур тизим орқали 388 минг 694 нафар зиёратчига хизмат кўрсатилган.
Нодира Кайимова, ЎзА
Туркия