Ангренда Омбудсманнинг сайёр қабули ўтказилди
Фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг мурожаати эътиборсиз қолмаслигини таъминлаш — инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим мезонларидан бири. Бу борада аҳоли билан очиқ мулоқот ўрнатиш, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларнинг қонуний ечимини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Ангрен шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ташкил этилган сайёр қабул ҳам ана шу мақсадга қаратилди. Унда шаҳарнинг “Мирзо Улуғбек”, “Обод”, “Навбаҳор”, “Янгиобод” ва “Оппартак” маҳаллалари фуқаролари иштирок этди.
Қабул давомида аҳоли томонидан ижтимоий ёрдам, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолияти, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар кўтарилди. Мурожаатларнинг жойида кўриб чиқилиши, улар бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши ва масъул ташкилотлар билан биргаликда ечим йўлларининг белгиланиши фуқаролар учун муҳим аҳамият касб этди. Омбудсман ваколатига тааллуқли мурожаатлар назоратга олиниб, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиш ва натижаси бўйича тегишли чоралар кўриш белгиланди.
Таҳлиллар Ангрен шаҳрида Омбудсманга мурожаатлар сони ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида шаҳардан 106 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярмидаёқ улар сони 99 тага етган. Демак, жорий йилнинг олти ойлик кўрсаткичи ўтган йил давомидаги мурожаатларнинг қарийб 93 фоизини ташкил этган. Бу рақамлар ортида одамларни ўйлантираётган турли масалалар, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган эҳтиёж мужассам. Шу боис мурожаатлар динамикасини таҳлил қилиш, уларда кўтарилаётган масалаларнинг сабабларини жойида ўрганиш ва тизимли муаммоларга ечим топиш муҳим.
Ангрендаги очиқ мулоқот ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилди. Фуқаролар мурожаатларида, асосан, ижтимоий ва моддий ёрдам, уй-жой ва коммунал хизматлар, меҳнат ҳуқуқлари, кредит ва банк муносабатлари, фирибгарлик ҳамда мулк ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Шундан келиб чиқиб, мулоқотга мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга бевосита дахлдор давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари жалб этилди.
Жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси вакили аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти вакили эса давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартибини тушунтирди.
Мулоқотда аҳолининг рақамли хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ички ишлар вазирлиги вакили иштирокида кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, шахсга доир маълумотларни қўлга киритиш орқали банк карталаридаги маблағларни ўзлаштириш, ҳисоб рақамларига киберҳужумлар уюштириш каби ҳолатлардан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берилди.
Фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга бевосита мурожаат қилиб, ҳуқуқий тушунтиришлар олди. Кўтарилган масалаларни ваколатли идоралар билан ҳамкорликда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлиги, аввало, фуқаронинг муаммоси эшитилиши ва унинг қонуний ечими таъминланиши билан белгиланади. Шу маънода, сайёр қабуллар аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни масъул ташкилотлар иштирокида ҳал этишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.
[gallery-31380]
Бу борадаги ишлар кўламини рақамлар ҳам яққол кўрсатади. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсманга жами 10 минг 468 та мурожаат келиб тушган. Фуқаролар мурожаатларини ўрганиш натижасида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган маблағлар 26 миллиард 849 миллион сўмни ташкил этган. Шундан 25 миллиард 937 миллион сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид. Шунингдек, қарздорлик, соғлиққа етказилган зарар, моддий ва маънавий зарар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар билан боғлиқ мурожаатлар бўйича 304,6 миллион сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилган.
Омбудсман сўровлари асосида хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 435,9 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.
Зеро, ҳар бир мурожаат — ортида муайян инсоннинг тақдири, унинг ҳуқуқи ва қонуний манфаати турган масаладир. Шу боис аҳоли мурожаатларини эшитиш билан бирга, уларни чуқур ўрганиш, ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаш ва натижадор ечимга йўналтириш инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
А.Мусаев, А.Алижонов,ЎзА