Сурхондарё вилояти Ангор тумани марказида яшайдиган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар “Соғлом оила учун бирлашайлик!” шиори остида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” акцияси ташкил этди.
Субҳидамнинг тоза, енгил ҳавосида беш минг қадамни босиб ўтган тадбир иштирокчилари туман марказий ўйингоҳида бадантарбия машғулотлари билан шуғулланди. Шахмат-шашка ва бошқа спорт мусобақалари уюштириб, ўзаро беллашди. Туман хотин-қизлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, уларни спортга кенг жалб этиш мақсадида ўтказилган тадбир қатнашчиларга қувноқ ва хуш кайфият улашди.


– Спорт хотин-қизларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий саломатлигини ҳам мустаҳкамлайди, – дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Гавҳар Жумаева. – Оилалар соғломлигини таъминлаб, жамиятда ўзаро дўстона муҳит яратишда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан ҳам фаол хотин-қизларимизнинг бу ташаббуси эътиборга сазовор бўлди. Эндиликда бу хайрли акция давом эттирилиб, тадбир иштирокчилари сафи кенгайиб боради. Зеро, келажак авлодга кучли таъсир этувчи чинакам тарбия маскани ¬ оила соғлом бўлса, жамият мустаҳкам, юрт осойишта ва обод бўлади.
Маълумотларга кўра, айни пайтда тумандаги 36 та маҳаллада мавжуд 34 минг 712 оилада 70 мингдан ортиқ хотин-қиз яшайди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири