Сурхондарё вилоят ички ишлар органларида “Инсон қадри учун” шиори остида ўтказилаётган “Ижтимоий ҳимоя ойлиги” доирасида осойишталигимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзолари учун турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ангор тумани ички ишлар бўлимида хизмат қилаётган ходимлар учун туман ахборот-кутубхона марказига уюштирилган тадбир “Китоблар оламига сайёҳат”, деб номланди.

Туман ахборот-кутубхона маркази 90 мингдан ортиқ бадиий, сиёсий, тарихий, илмий ва бошқа китоб фондига эга. Уларнинг 900 га яқини электрон адабиётлардир.

Мамлакатимизда китоб мутолааси ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётган ҳозирги пайтда осойишталик посбонлари маърифат маскани билан яқиндан танишди. Улар кутубхона жамоасининг китобхонликни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириб, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёш авлоднинг миллий ғурур, ифтихор, Ватанга муҳаббат ва юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтириш юзасидан амалга ошираётган ишлари ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлишди. Хизматдан бўш вақтларида мутолаа қилиш учун ўзлари қизиққан бадиий, тарихий, ҳуқуқий ва бошқа китобларга катта қизиқиш билдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири