Андижоннинг тараққиёт харитаси: саноат мўъжизасидан туризм йўналишидаги мега лойиҳаларгача
Президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Андижон вилоятига келди.
Андижон халқаро аэропорти замонавий қиёфа касб этиб, унинг имкониятлари кенгаймоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи мазкур объектда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди.
Давлатимиз раҳбари бундан уч йил аввал ҳудудга ташрифи чоғида аэропортни модернизация қилиш бўйича қатор топшириқлар берган эди. Ўтган йилги ташриф давомида ҳам реконструкция жараёнини шахсан кўздан кечирган.
Аэропорт 1978 йилда ишга туширилиб, 2013 йилда унга халқаро мақом берилган. Умумий майдони 243,4 гектар бўлган объектда 100 нафар ходим меҳнат қилади. Вақт ўтиши билан ҳаво бандаргоҳини замон талабларига мослаштириш, йўловчилар учун қулайликларни ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш зарурати юзага келди.
Аэродром мажмуасини реконструкция қилиш лойиҳасининг умумий қиймати 1,1 триллион сўмни ташкил этади. Биринчи босқичда аэропорт инфратузилмаси тубдан янгиланди. Учиш-қўниш йўлаги 3,3 километргача узайтирилиб, кенглиги 60 метр бўлган янги 4E тоифали йўлак барпо этилди. Шунингдек, 10 та ҳаво кемасига мўлжалланган тўхташ жойлари ва руллаш йўлаклари қурилди.
Қурилиш сифати ва объектнинг узоқ муддат хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратилди. Учиш-қўниш йўлагига 50 йилгача хизмат қилишга мўлжалланган мустаҳкам цемент-бетон қопламаси ётқизилди. Германиянинг юқори аниқликдаги ёритиш-сигнал тизими ўрнатилди. Бу аэропортга тунги вақтда ва қуюқ туман шароитида ҳам ҳаво кемаларини хавфсиз қабул қилиш имконини беради. Кўриш масофаси 300 метргача қисқарганда ҳам самолётлар қўна олади. Эндиликда аэропорт кенг фюзеляжли йирик ҳаво кемаларини ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиш имкониятига эга.
Ҳозирда реконструкциянинг иккинчи босқичи давом этмоқда. Унинг доирасида умумий майдони 19 минг 685 квадрат метр бўлган икки қаватли замонавий терминал биноси барпо этилмоқда. Илгари аэропорт соатига 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, янги терминал ишга тушгач, бу кўрсаткич беш баробар ошади. Аэропорт ҳудудида юқори тезликдаги Wi-Fi тармоғи ва ақлли хизматлар жорий этилади.
Давлатимиз раҳбарига аэропортни ривожлантириш концепцияси тақдимот қилинди. Президентимиз замонавий терминал биносини белгиланган муддатда ва сифатли қуриб битказиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Бугунги кунда Андижон халқаро аэропорти орқали маҳаллий ва халқаро йўналишларда еттита авиакомпаниянинг мунтазам қатновлари йўлга қўйилган. Келгусида йиллик авиарейслар сонини 808 тадан 2 минг 500 тагача ошириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятини йилига 3,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.
Амалга оширилаётган ишлар андижонликлар ва вилоят меҳмонлари учун транспорт қулайлигини ошириб, ҳудуднинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди. Аэропорт атрофида замонавий сервис объектларини ривожлантириш ва хизматлар сифатини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари Андижон туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Eco Cotton” корхонасига борди.
Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 29 июндаги пахта толасини чуқур қайта ишлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Корхонада маҳаллий хомашёдан экологик тоза, халқаро стандартларга мос тўқимачилик маҳсулотлари тайёрланиб, ички ва ташқи бозорларга етказиб берилмоқда.
Лойиҳага тадбиркор томонидан 10 миллион доллар сармоя киритилиб, 1 мингта доимий иш ўрни яратилди. Корхона тўлиқ қувват билан ишлаганда давлат бюджетига йилига 25 миллиард сўм тушум келтиради.
Бу ерда ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш мақсадида дуал таълим тизими йўлга қўйилган. Ёшлар назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғун ҳолда ўзлаштирмоқда.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёни замонавий стандартлар асосида ташкил этилган. Хитойнинг етакчи компанияларидан бирига тегишли сўнгги русумдаги автоматлаштирилган конвейер ускуналари ўрнатилган. Барча жараёнлар рақамли бошқарув тизими орқали назорат қилинади.
Экологик талабларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар қайта ишланиб, уларнинг атроф-муҳитга зарарли таъсири камайтирилади.
Муассасанинг технологик имкониятлари эътиборга молик. Бу ерда сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган тикув дастгоҳлари ўрнатилган. Ақлли тизим мато турига қараб тикув жараёнини реал вақт режимида автоматик созлайди ва чокларнинг юқори аниқликда ҳамда нуқсонсиз бажарилишини таъминлайди. Шунингдек, гуманоид роботлар синов тариқасида ишлатилмоқда.
Корхона йилига 30 турдаги 9,4 миллион дона юқори сифатли трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Уларнинг умумий қиймати 135,3 миллиард сўмни ташкил этади. Рақобатбардош таннарх ва юқори сифат туфайли маҳсулотлар Туркия, Вьетнам, Хитой ва Ҳиндистоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша олади.
Йиллик экспорт салоҳияти эса 10,5 миллион долларни ташкил этади. Андижонда тайёрланаётган сифатли трикотаж маҳсулотлари Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Руминия ва Молдова бозорларига етказиб берилмоқда.
Давлатимиз раҳбари корхона ишчилари билан самимий мулоқот қилди.
Шу ернинг ўзида вилоятда ёшлар билан ишлаш, уларни касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ва режалар тўғрисида ахборот берилди.
Кейин Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманида кичик гидроэлектр станциялари учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 28 мартдаги ҳудудларда микрогидроэлектростанциялари тармоғини ривожлантиришга доир қарори бу борада муҳим асос бўлди. Унинг ижроси доирасида “Andijon Jinlun yangi energiya” корхонаси ташкил этилмоқда.
Тоғли ва сув ресурсларига бой Марказий Осиё давлатларида бундай ускуналарга талаб юқори. Бироқ шу пайтгача минтақада уларни саноат миқёсида ишлаб чиқарадиган ихтисослашган корхоналар етарли эмас эди. Янги лойиҳа ана шу эҳтиёжни қоплашга қаратилган.
Андижон вилоятидаги мавжуд сув манбалари “яшил” энергетикани ривожлантириш учун катта имконият яратади. Хусусан, Катта Фарғона каналининг барқарор сув оқими микро ва кичик ГЭСлар қуриш учун қулай ҳисобланади.
Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Корхона 2027 йилда тўлиқ қувват билан ишга туширилади. Шундан сўнг бу ерда йилига 70 миллиард сўмлик 100 та кичик ГЭС мажмуаси, шунингдек, микрогидроэнергетика ускуналари, дастгоҳ ва электр жиҳозлари ишлаб чиқарилади.
Бугунги кунда дунёда экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаларига талаб ортиб бормоқда. Бу жиҳатдан кичик ва микро ГЭСлар самарали ечимлардан бири ҳисобланади. Улар атроф-муҳитга таъсири камлиги, қисқа муддатда барпо этилиши ва барқарор электр энергияси ишлаб чиқариши билан аҳамиятлидир.
Лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиш, йиллик экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, корхона Андижон вилоятида қатор микро ГЭСлар қуришни мўлжаллаган. Бу аҳоли ва саноат корхоналарини арзон, экологик тоза ҳамда барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Сўнгги йилларда ҳудудда тадбиркорлик ва инвестициялар учун яратилаётган қулай шароитлар саноат тармоқларини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маросимда умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинди. Шундан 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 та лойиҳа ишга туширилди, 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланди.
Ушбу лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Хусусан, пахта-тўқимачилик кластери, электр энергиясини сақлаш ва тақсимлаш тизими, мебелсозлик ва чарм-пойабзал саноат зоналари, электробуслар, қуёш панеллари ва микрогидроэнергетика ускуналари ишлаб чиқариш, шунингдек, замонавий таълим ва тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Янги лойиҳалар доирасида замонавий турар жой мажмуалари, халқаро логистика ва туризм марказлари, гидроэлектростанцияси, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш корхонаси, транспорт воситалари ва юк вагонлари ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш кўзда тутилган.
Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти шаклланади.
Маросимда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан масъуллар, хорижлик ҳамкорлар ва ташаббускорлар видеоалоқа орқали иштирок этди. Улар лойиҳаларнинг аҳамияти, амалга ошириш жараёни ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари мазкур ташаббусларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижлик ҳамкорлар ва маҳаллий тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.
Президентимиз рамзий тугмани босиб, 98 та янги лойиҳани ишга туширди ва 108 та объект қурилишига старт берди. Шундан сўнг инвесторлар ва ҳудуд фаоллари билан мулоқот бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Андижон туманидаги “Ипак йўли” саноат зонаси ҳудудида жойлашган техникум фаолияти билан танишди.
Мамлакатимизда янги саноат корхоналарини ишга тушириш билан бир қаторда улар учун малакали мутахассислар тайёрлашга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Бунда таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш муҳим ўрин тутади.
“Андижон-Ҳуаня” халқаро техникуми ана шу мақсадда ташкил этилган. Техникум “Ипак йўли” ҳудудидаги тўқимачилик, машинасозлик, электротехника ва бошқа юқори технологияли корхоналар учун талаб юқори бўлган йўналишларда мутахассислар тайёрлайди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этиб, тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилди. Натижада 150 та янги иш ўрни яратилди.
Тўрт гектар майдонда 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий ўқув биноси қуриб битказилди. Кейинги босқичда ётоқхона, лаборатория биноси, спорт майдончаси, ошхона ва яшил ҳудуд барпо қилинади.
Муассасада дуал таълим тизими жорий этилган. Ўқувчилар назарий билимларни техникумда эгаллаб, амалиётни саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтайди. Шу тариқа улар ўқиш давридаёқ ишлаб чиқариш жараёни, замонавий ускуна ва технологиялар билан яқиндан танишади.
Техникум жорий йил июнь ойида ишга туширилди. Ҳозирда бу ерда 210 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. 2030 йилга қадар йиллик қабулни 1 минг 800 нафарга, ўқувчиларнинг умумий сонини эса 4 минг нафарга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, таълим йўналишларининг сони 20 тагача кўпайтирилади.
Президентимиз техникумда яратилган шароитлар билан танишди, ёшлар ва инвестор билан суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбари Хўжаобод туманидаги технопаркда бўлиб, “ақлли” сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.
Андижон майдони жиҳатидан кичик, аҳоли энг зич жойлашган вилоятлардан бири. Шу боис, ҳудудда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, адирликларни ўзлаштириш ва янги саноат майдонларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўжаобод туманида 300 миллион долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига ташкил этилган “Андижон технопарки” ана шундай йирик лойиҳалардан биридир. Адирликларни ўзлаштириш эвазига ажратилган 100 гектар майдонда 51 та саноат корхонасини жойлаштириш режалаштирилган.
Саноат зонаси тўлиқ ишга тушгач, 3 мингта янги иш ўрни яратилади. Йилига 50 дан ортиқ турдаги 200 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бюджетга 160 миллиард сўм тушум таъминланади. Вилоятнинг экспорт салоҳияти эса 50 миллион долларга ошади.
Саноат зонасида Хитойнинг “Sanchuan” компанияси томонидан “ақлли” сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилди. Қиймати 25 миллион доллар бўлган лойиҳа тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилмоқда. Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларининг 80 фоизи роботлаштирилган.
“Huawei” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган 5G технологияси асосидаги “ақлли” ҳисоблагичлар сув сарфи ва сифати, қурилмаларнинг техник ҳолати ҳамда балансни онлайн кузатиш имконини беради.
Корхонада йилига 15 турдаги 1 миллион дона “ақлли” сув ҳисоблагич ишлаб чиқарилади. Улар сув тўпланишининг олдини олувчи махсус конструкция ва совуққа чидамли корпус билан жиҳозланади.
Шунингдек, бу ерда дуал таълим дастури ҳам йўлга қўйилган.
Маҳаллийлаштириш даражасини 2030 йилга қадар 70 фоизга етказиш режалаштирилган. Шу мақсадда саноат зонасида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлаштирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Олтинкўл туманидаги чарм-пойабзал кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Мамлакатимизда чарм хомашёсини чуқур қайта ишлаш, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ички бозорни сифатли ҳамда ҳамёнбоп пойабзаллар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Олтинкўл туманидаги кичик саноат зонаси водийдаги чарм маҳсулотлари ва тайёр пойабзал ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, косиблар ҳамда кластерларни бирлаштирувчи ягона саноат мажмуасидир. Бу ерда хомашёни қайта ишлашдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишгача бўлган тўлиқ занжир шакллантирилмоқда.
Мажмуанинг умумий майдони 10,1 гектар, лойиҳалар қиймати эса 28 миллион долларни ташкил этади. Ҳудуднинг 5,5 гектарида замонавий ишлаб чиқариш бинолари, дуал таълим маркази ва савдо шохобчалари барпо этилган.
Саноат зонасида умумий ишлаб чиқариш қуввати 150 миллиард сўм бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 10 таси пойабзал ва тагчарм, 2 таси сунъий чарм, 2 таси пойабзал елими ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Қолган лойиҳалар доирасида резина пойабзал, махсус пойабзаллар учун устки қисмлар ишлаб чиқариш ва тери тайёрлаш йўлга қўйилади.
Бугунги кунга қадар мажмуада 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилди.
Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Ишлаб чиқаришга Туркия, Хитой ва Италияда малака оширган мутахассислар жалб этилган. Уларнинг тажрибаси маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳа ривожини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорларга қатор имтиёз ва имкониятлар берилган. Жумладан, ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари қийматини етти йилгача бўлиб тўлаш шарти билан сотилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечириб, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва экспорт салоҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
Тадбиркорлар билан мулоқотда маҳсулот сифатини ошириш, замонавий моделларни ўзлаштириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, маҳаллий косибчилик анъаналарини замонавий саноат усуллари билан уйғунлаштириш, соҳа вакиллари учун яратилган шароитларни янада яхшилаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги “LB Sport” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда спорт индустриясини ривожлантириш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда импорт ўрнини босадиган, халқаро стандартларга мос сифатли спорт анжомлари ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга.
“LB Sport” спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи етакчи маҳаллий корхоналардан биридир. Корхона 20 дан ортиқ спорт федерацияси билан ҳамкорлик қилмоқда.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 мартдаги спорт соҳасига тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтиришга доир қарори асосида амалга оширилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлиб, тўлиқ тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Корхонада 18 та спорт тури бўйича 65 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йилига 500 минг дона, умумий қиймати 75 миллиард сўм бўлган спорт анжомлари тайёрланади.
Маҳсулотлар сифат жиҳатидан хорижий муқобиллари билан рақобатлаша олади, нархи эса нисбатан арзон. Улар Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади.
Корхона фаолиятида аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Балиқчи туманидаги 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Касаначиларнинг 90 фоизини аёллар ташкил этади, 65 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Мазкур тизим аҳолига ўз хонадонида меҳнат қилиб, барқарор даромад олиш имконини бермоқда.
Корхонада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилган. Тумандаги 1- ва 2-сон техникумларнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида ўқитилмоқда. Улар назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамламоқда.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақида ахборот берилди. Ишлаб чиқариш йўналишларини кенгайтириш мақсадида 2027 йилда хорижий инвестициялар иштирокида спорт велосипедлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Шу ернинг ўзида иқтидорли ёшлар, корхона ишчилари билан самимий мулоқот қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги “Chinobod real biznes” корхонасининг балиқ етиштириш лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва унга замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, кичик майдонларда интенсив усулда юқори ҳосил олиш муҳим аҳамиятга эга.
“Chinobod real biznes” корхонасида ана шундай замонавий тизим йўлга қўйилган. Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июлдаги балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид фармони асосида амалга оширилган. Корхона водийдаги балиқчилик хўжаликларининг форель чавоғига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада 30 та иш ўрни яратилган.
Икки гектар майдондаги замонавий мажмуада йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 50 миллиард сўмни ташкил этади.
Интенсив технологиялар қўлланилиши натижасида икки гектар майдонда анъанавий усулдаги 100 гектарлик ҳавзалар билан тенг ҳажмда маҳсулот етиштириш имконияти яратилган.
Мажмуада икки миллион литр ҳажмдаги сувни табиий усулда тозалаш имконини берувчи лаборатория ҳам ташкил этилган. Унда сув сифатини яхшилайдиган хлорелла сув ўти етиштирилади. Ушбу экологик тоза тизим балиқ етиштириш самарадорлигини яна 15-20 фоизга оширишга хизмат қилади.
Корхонанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қуёш панеллари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Балиқ етиштириладиган ҳовузлардан чиққан фосфор, аммиак ва кальций каби табиий моддаларга бой сув ҳам исроф қилинмай, экинларни суғоришга йўналтирилади. Шу тариқа мажмуада ресурслардан қайта фойдаланишнинг яхлит тизими яратилган.
Корхона Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга йилига 2 миллион дона форель чавоғи экспорт қилади. Йиллик экспорт ҳажми 2 миллион доллар, бюджетга тушум эса 5 миллиард сўмни ташкил этади.
Лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Балиқчи туманидаги Сарвул маҳалласида 20 та хонадон корхона билан кооперация асосида форель етиштириб, қўшимча даромад олмоқда.
Мажмуада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳам йўлга қўйилган. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда “Балиқчилик ва паррандачилик амалиёт маркази” ташкил этилган. Бу ерда талабалар назарий билимларини ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаб, амалий кўникма орттирмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай юқори самарали лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Мутасаддиларга кичик майдонларда интенсив усулларни қўллаш орқали маҳсулот ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича ушбу тажрибани кенг оммалаштириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги Сунъий интеллект марказига ташриф буюриб, ёшларнинг стартап лойиҳалари билан танишди.
“Akademiya IT Star” корхонаси томонидан ташкил этилган ушбу марказ давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 февралдаги рақамлаштириш соҳасида хизматлар экспортини ривожлантиришга доир қарори асосида барпо этилган.
Ахборот технологиялари ёшлар учун энг талаб юқори бўлган соҳалардан бирига айланмоқда. Шу боис, ҳудудларда замонавий IT касбларни эгаллаш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ва рақобатбардош дастурий маҳсулотлар яратиш учун шароитларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, 100 та иш ўрни яратилган.
Марказ қишлоқ ва туман ёшларига бошқа ҳудудларга бормасдан, ўз яшаш жойида замонавий билим ва касбларни эгаллаш имконини бермоқда. Бу ерда маркетинг, дастурлаш ва робототехника йўналишларида таълим берилиб, ёшлар олган билимларини амалий лойиҳаларда қўлламоқда.
Муассаса имкониятларидан маҳаллий тадбиркорлар ҳам самарали фойдаланмоқда. Уларга сунъий интеллект асосида бизнесни ривожлантириш бўйича маслаҳат ва IT хизматлари кўрсатилади. Шу кунга қадар 500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига жами 8,5 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.
Бугунги кунда вилоятдаги 65 мингта тадбиркорлик субъекти учун SMM-менежер, мобилограф, график дизайнер, маркетолог, маълумотлар таҳлилчиси ва сунъий интеллект мутахассисларига эҳтиёж 129 минг нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Марказдаги таълим дастурлари ана шу талабдан келиб чиқиб шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари ёшлар яратган стартаплар билан яқиндан танишиб, уларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятига юқори баҳо берди. Самимий мулоқот давомида йигит-қизлар мамлакатимизда стартап экотизимини янада ривожлантиришга қаратилган янги ташаббус ва таклифларини билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида Балиқчи туманидаги “Сокин савдо сервис” паррандачилик кластери фаолияти билан ҳам танишди.
Парранда гўшти парҳезбоплиги ва ҳамёнбоплиги билан аҳоли рационида муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда йирик паррандачилик мажмуаларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва бозорни сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур паррандачилик кластерига 2010 йилда асос солинган. Бугунги кунда унинг Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та хўжалиги мавжуд. Тошкент вилоятидаги корхонада эса паррандалар учун озуқа ишлаб чиқарилади.
Кластерда озуқа тайёрлаш, парранда боқиш, сўйиш, гўштни қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчига етказиб беришни қамраб олган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири яратилган. Гўштни қайта ишлаш мажмуаси автоматлаштирилган бўлиб, юқори гигиеник талабларга жавоб беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 29 миллион долларни ташкил этади. Кластерда 417 нафар киши меҳнат қилмоқда.
Айни пайтда мажмуада 1,5 миллион дона бройлер товуғи парваришланмоқда. Йилига 8,2 миллион дона бройлер боқиш ва 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштириш имконияти мавжуд.
Мажмуада йилига 55 минг тонна товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш қувватлари яратилган. Маҳсулотлар “Ҳалол”, HACCP ва ISO стандартлари асосида ишлаб чиқарилади.
Жорий йил бошидан кластерда наслчилик йўналиши ҳам йўлга қўйилди. Ҳозирда 25 минг дона наслли она товуқ парваришланиб, йилига 9 миллион дона тухумдан 7,6 миллион дона бройлер жўжа олиш режалаштирилган.
2027 йил якунига қадар парранда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган рендеринг линияси ишга туширилади ҳамда парранда боқишда кўп қаватли катак тизими жорий этилади. Ушбу икки лойиҳага 10 миллион доллар йўналтирилади.
Шунингдек, фаолияти тўхтаб қолган ёки молиявий қийинчиликка дуч келган паррандачилик хўжаликларини кластер билан ягона кооперация тизимига бирлаштириш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус 350-400 та иш ўрнини қайта тиклаш ва қўшимча 1,7 миллион дона парранда етиштириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарига кластердаги ишлаб чиқариш жараёнлари, тайёр маҳсулотлар ва истиқболда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев “Агрокластер Олтинкўл” корхонасида Шинжон усули асосида пахта етиштириш жараёнини кўздан кечирди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш ҳамда илмий ишланма ва ёндашувларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 9 декабрдаги пахтачилик ва ғаллачиликда ҳосилдорликни оширишга доир қарори бу борадаги ишларни кенгайтириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Пахтачиликда Шинжон усулининг қўлланилиши ҳосилдорликни сезиларли ошириш билан бирга сув, ўғит ва бошқа ресурсларни тежаш, ғўзани парваришлаш харажатларини камайтириш имконини бермоқда.
“Агрокластер Олтинкўл” корхонасининг умумий экин майдони 850 гектарни ташкил этади. Шундан 23 гектарида Шинжон усули асосида пахта етиштириш йўлга қўйилган.
Шинжон технологиясида чигит плёнка остига қўш қаторлаб экилади. Бу тупроқ намлиги ва ҳароратини барқарор сақлашга, чигитнинг эрта ва бир текис униб чиқишига хизмат қилади.
Томчилатиб суғориш ва озиқлантириш тизими орқали сув ҳамда ўғит бевосита ғўза илдизига етказилади. Натижада ортиқча сарфнинг олди олиниб, сув 40 фоизгача, ўғит эса қарийб 30 фоизга тежалади.
Анъанавий усулда бир гектар майдондан ўртача 30-35 центнер пахта олинса, Шинжон технологиясида ушбу кўрсаткич 60-70 центнерга етади. Плёнка остида шаклланган қулай микроиқлим туфайли ҳосилни анъанавий майдонларга нисбатан 10-15 кун эртароқ йиғиб олиш мумкин.
Корхонада агротехник тадбирларнинг асосий қисми агродронлар ёрдамида бажарилмоқда. Бу махсус техникалардан фойдаланиш эҳтиёжини ва ёқилғи сарфини кескин камайтирмоқда.
Давлатимиз раҳбарига лойиҳанинг натижалари, иқтисодий самарадорлиги ва мазкур технологияни янада кенгайтириш режалари ҳақида ахборот берилди.
Андижон вилояти Асака туманидаги адирликлар мусаффо ҳавоси ва ўзига хос табиати билан ажралиб туради.
Президент Шавкат Мирзиёев туманнинг “Янги ҳаёт” ҳудудидаги 192 гектар майдонда барпо этилган экотуризм мажмуасига ташриф буюрди.
Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан амалга оширилган. Табиат ва замонавий қулайликлар уйғунлашган ушбу маскан қисқа вақтда аҳоли ва сайёҳлар эътиборини тортди.
Мажмуа баланд тепаликда жойлашган бўлиб, бу ердан туманнинг кенг манзараси намоён бўлади.
Ҳудудда капсула шаклидаги 4 та замонавий дам олиш уйи ва миллий услубдаги 5 та ўтов ўрнатилган. Ўттиз гектар майдонда манзарали дарахтлар ва арчалар экилган. Оилавий ресторан, турли аттракционлар ҳамда замонавий тунги ёритиш тизими ташкил этилган.
Мажмуада табиий муҳитни сақлаш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудда 14 минг куб метр сиғимга эга мембранали сув ҳавзаси қурилган. Дарахт ва экинлар тўлиқ томчилатиб суғориш тизими орқали суғорилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 51,8 миллиард сўмни ташкил этади. Унинг амалга оширилиши натижасида маҳаллий аҳоли учун 275 та доимий ва 200 та мавсумий иш ўрни яратилди. Шунингдек, боғда етиштириладиган узумни экспорт қилиш режалаштирилган.
Муассаса тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 80 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиши ҳамда маҳаллий бюджетга 3 миллиард сўм тушум таъминланиши кутилмоқда.
Жорий йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган “Узум боғи” мажмуаси Андижон вилоятининг жозибадор сайёҳлик масканларидан бирига айланиши кутилмоқда.
Шу ерда ёзилган дастурхон атрофида давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан самимий суҳбатлашди. Мулоқотда Андижонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни обод қилиш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳақида сўз борди.
Тадбир давомида маданий дастур ва дронлар шоуси намойиш этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрининг Ўрикзор маҳалласида ташкил этилган гастрономик туризм кўчаси билан танишди.
Машраб ва Сарикуй кўчаларини қамраб олган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 18 миллиард сўм бўлиб, шундан 8 миллиард сўми республика бюджети, 10 миллиард сўми тадбиркорлар маблағи ҳисобидан молиялаштирилди.
Кўчанинг умумий узунлиги 1,2 километрни ташкил этади. Бу ерда пиёдалар ва велосипедлар учун кенг ва хавфсиз йўлаклар барпо этилди, замонавий ландшафт дизайни яратилди, фавворалар ва турли ёритиш воситалари ўрнатилди. Селфи ҳудудлари, очиқ спорт майдончалари, болалар учун экомайдончалар ҳамда оилавий дам олиш масканлари ташкил қилинди.
Ҳудуддаги 35 та савдо объектида 30 та тадбиркорлик субъекти 24/7 тартибда хизмат кўрсатади. Лойиҳа доирасида 100 та янги иш ўрни яратилди. Кўча кунига 10 мингдан зиёд аҳоли ва сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.
Давлатимиз раҳбари кўча бўйлаб сайр давомида аҳоли ва тадбиркорлар билан самимий мулоқот қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасининг икки қисмини боғловчи янги йўлўтказгич билан танишди.
Иншоот шаҳарнинг икки қисмини тўғридан-тўғри боғлаб, транспорт ҳаракатини енгиллаштириш ва ортиқча айланма йўлни бартараф этишга хизмат қилади. Умумий қиймати 271 миллиард сўм бўлган лойиҳа давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига аввалги ташрифи чоғида берган топшириғи асосида амалга оширилди.
Йўлўтказгичнинг умумий узунлиги 796 метр, кенглиги 25,9 метрни ташкил этади. Унинг 596 метри эстакада, 200 метри эса тиргак деворли йўл қисмидан иборат.
Янги иншоот, энг аввало, аҳоли учун катта қулайлик яратди. Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи 140 минг нафар аҳоли эндиликда 5,3 километр ортиқча йўл босмайди.
Шунингдек, махсус хизматларнинг қатнов масофаси 15 километрдан 9,3 километрга қисқарди. Ортиқча масофа ҳамда темир йўл кесишмасидаги кутишларнинг бартараф этилиши натижасида манзилга етиб бориш вақти 17 дақиқагача камаяди.
Aйниқса, бу шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда беморларни шошилинч тиббий ёрдам марказига аввалгидан 14 дақиқа эртароқ етказиш имкони яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА махсус мухбирлари