Андижонда футбол байрами
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Андижон” футбол клубининг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилиши белгиланган тадбирлар бўйича матбуот анжумани ҳамда ўзбек футболи афсоналари, футбол фахрийлари, мухлислар, ёшлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Анжуманда вилоят ҳокимлиги, масъул ташкилотчилар томонидан иштирокчиларга сана муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, “Андижон” футбол клуби, вилоят футбол федерацияси томонидан ўтказилган тадбирда сўз олган Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти Равшан Эрматов, ўз даврининг машҳур футболчилари Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва бошқа ўзбек футболи афсоналари “Андижон” футбол клубининг шонли тарихи, эришган ютуқлари, жамоанинг бугунги салоҳияти ҳақида сўз юритди.
– Турли даврларда турли номлар билан мусобақаларда иштирок этган “Андижон” клуби муносиб тарихга эга, – дейди Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти Равшан Эрматов. – Собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида муносиб ўйинлар кўрсатган. Мустақиллик йилларида эса “Андижон” Ўзбекистоннинг топ жамоаларидан бирига айланди. Жорий йилда эса жамоа Ўзбекистон кубоги соҳибига айланганлиги футболимиз тарихи солномасига шубҳасиз, зарҳал ҳарфлар билан ёзилади.
Келгуси йилда “Андижон” клуби Осиё чемпионлар лигаси мусобақасида иштирок этиши жамоанинг улкан ютуқларидан биридир.
Учрашувда “Андижон” футбол клуби бош мураббий Александр Хомяков, “Андижон” U21 жамоаси мураббийи Абдурашид Исмоилов, “Андижон” фан клуби раҳбари Нодирбек Тўйчиев Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан таъсис этилган “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
[gallery-20195]
Қизиқарли ва самимий кечган учрашувда футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Азамат Абдураимов, Сервер Жапаров ва бошқа бир қатор ўзбек футболининг таниқли футболчилари ёшлар, футбол мухлисларининг саволларига жавоб қайтарди.
Андижонда “Андижон” футбол клубининг 60 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Жумладан, бугун “Бобур-арена”да “Андижон” футбол клуби фахрийлари ҳамда Ўзбекистон фахрийлар терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви, шунингдек, катта шоу-концерт бўлиб ўтади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари