Андижон халқаро аэропортида имкониятлар кенгайди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2023 йилда Андижон вилоятига ташрифи чоғида Андижон аэропортини модернизация қилиш юзасидан қатор топшириқлар берган, вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида эса реконструкция жараёнини кўздан кечирган эди.
Ўтган давр мобайнида аэропортда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ишлари амалга оширилди.
Реконструкция ишларининг биринчи босқичида аэропорт ҳудудида узунлиги 3 минг 300 метр, кенглиги 60 метр бўлган янги 4 Ye тоифали учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаги ва самолётлар учун тўхташ жойи қурилди, ёритиш-сигнал қурилмалари ўрнатилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида, аэропортда ноқулай об-ҳаво шароитида ва тунги вақтларда ҳам парвозлар қилиш ҳамда барча русумдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконияти яратилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишларининг иккинчи босқичи доирасида аэропортнинг замонавий терминали барпо этилмоқда. Янги терминал ишга тушиши билан соатига 1000 нафар, йилига эса 3,5 миллион нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Янгиланаётган Андижон халқаро аэропортида ҳозирда маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича мунтазам қатновлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган реконструкция ишлари натижасида аэропортнинг йўловчи ташиш имконияти бир неча бор ортди, андижонликлар ва вилоятга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг узоғи яқин бўлмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири