Тошкент кўчаларида сариқ рангли автобусларга кўзимиз тушади.
Бу автобуслар мактаб ўқувчиларга мўлжалланган. Бугун сариқ рангли мактаб автобуслари ҳақида маълумот берамиз.
Америка деганда кўз ўнгимизга Озодлик ҳайкали, Конгресс биноси, "Mickey Mouse", "Pepsi" ва "Coca-Cola" лар келади. Булар гўёки хорижликлар учун Қўшма Штатларнинг рамзи саналади. Аммо, АҚШнинг яна бир тимсоли бор бўлиб, у ҳам бўлса Америка кинолари орқали бизга таниш бўлган мактаб автобусларидир. АҚШ шаҳарлари, кўчалари, қишлоқлар пейзажини, фильмларини мазкур транспорт воситасисиз тасаввур қилиш қийин. Мактаб автобуси ҳақиқий Америка кашфиёти сифатида тан олинади.
Мактаб автобуслари илк бор АҚШда пайдо бўлди, ривожланди ва бутун дунёга тарқала бошланди. Маълум бўлишича, Америкада болаларни мактабга элтувчи илк махсус транспорт воситалари ҳали автобуслар пайдо бўлмасдан аввал ишлатила бошланган. Яъни, ён қисмига school hacks, school cars, school trucks, kid hack ва school hack (hack –«ёлланган от» маъносини англатади) ёзувлари бўлган от-аравалардан фойдаланилган. Улар оддий арава, аммо ихтисослаштирилган аравалар эди. XIX аср охирларига келиб айрим штатларда бу фаолиятни мувофиқлаштирувчи қонун актлари пайдо бўлди.
От-аравалар ўрнини машиналар эгаллаши билан ўқувчиларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ҳам ишлаб чиқила бошланди. Илк бор бу каби янги турдаги транспорт воситаси "Wayne Works" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Бу компания 1914 йилда ўқувчилар учун транспорт воситаларини ишлаб чиқара бошлади. Аммо уларни автобус деб бўлмасди. Илк мактаб автобуслари 1927 йилда "Blue Bird" фирмаси томонидан ишлаб чиқарилди. Шу тариқа том маънодаги Америка мактаб автобуслари пайдо бўлди.
Кейинчалик "автобуслар эрталаб ва кечқурун яхши кўринадиган зарғалдоқ-сариқ рангда бўлиши керак" деган қарорга келинди. Бу автобуслар расман "National School Bus Chrome Yellow" дея аталади. 1939 йилда Нью-Йоркда бўлиб ўтган конференциядан сўнг мактаб автобуслари учун стандартлар белгиланди ва бу қонун йўли билан тасдиқланди. 48 та штат вакили иштирок этган ва бир ҳафта давом этган конференцияда 45 та стандарт, жумладан автобусларнинг узунлиги, баландлиги ва кенглигига оид техник талаблар тасдиқланди.
Иккинчи жаҳон урушдан кейин Қўшма штатлар бошланғич мактаб дастурини мустаҳкамлашга қарор қилди, бу ўз навбатида мактаб автобуслари ишлаб чиқарилишининг ўсишига олиб келди ва "Blue Bird" фирмаси йирик ишлаб чиқарувчига айланди.
Парижда 1948 йилда бўлиб ўтган автобус шоусига мазкур фирма ўзининг илк автобусини тақдим қилди. Айни дамда "Blue Bird" йирик корпорацияга айланган, унинг акцияларининг 42,5% га "Volvo Group" эгалик қилади. Бугунги кунда корпорация тўртта – капотли "MicroBird", "Vision" ва капотсиз "All American FE"ва "RE" мактаб автобусларини ишлаб чиқармоқда.
Шунингдек, АҚШда "Carpenter Body Company" ҳам мактаб автобусларини ишлаб чиқаради. Бундан ташқари 1904 йилда Калифорнияда ташкил этилган "Crown Coach Corporation" компаниясининг мактаб автобусларига ҳам талаб юқори.
АҚШда ўқувчиларнинг деярли 50 фоизидан кўпроғи дарсга бориш ва уйга қайтишда мактаб автобусларидан фойдаланади. Америка Ўқувчиларни автобусда ташиш Кенгаши маълумотига кўра, ҳар куни сариқ автобуслар 26 миллион ўқувчини мактабга ва уйга олиб боради.
Ҳар йили Қўшма Штатлар ва Канадада мактаб автобуслари 8 миллиардга яқин қатновни амалга оширади. АҚШда мактаб автобусларининг ҳайдовчилари тижорий ҳайдовчилик гувоҳномасига (CDL) эга бўлиши керак. Ҳақиқатан ҳам мактаб автобуслари, айниқса қишлоқ жойларида кенг оммалашган. АҚШда мактаб автобуслари энг хавфсиз автомобиль сифатида тан олинган.
Замонавий мактаб автобуслари энг аъло ҳимоя тизими билан жиҳозланган бўлиб, йўл транспорт ҳодисаси юз бергудек бўлиб автобус бошқа транспорт воситаси билан тўқнашса ёки ағдарилиб кетгудек бўлса йўловчиларнинг имкон қадар камроқ зиён кўришини таъминлайди. Бу транспорт воситаси жуда ҳам оғир бўлиб, жуда ҳам паст тезликда ҳаракатланади. Ўриндиқлар бир-бирига жуда яқин жойлашган ва жуда баланд.