Амалий ишлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қилинди
Халқ депутатлари Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан туман ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасида муҳим ўрганиш ишлари олиб борилди.
Мазкур ўрганишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 октябрдаги “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари инфратузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Унда тумандаги ички йўлларни сақлаш, таъмирлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда туманда жами 764,63 километр ички йўллар мавжуд. Уларнинг 364,81 километри асфальтбетон, 20,39 километри цементбетон, 326,67 километри шағаллаштирилган йўллар ҳамда 52,75 километри тупроқ йўллардан иборат.
Қарор асосида 32 та маҳаллада ички йўлларни яхшилаш бўйича манзилли дастур шакллантирилган бўлиб, унга мувофиқ бир қатор амалий ишлар бажарилган. Жумладан, бугунги кунга қадар 27 километр йўлда шағаллаштириш ишлари ҳамда 10 километр йўлда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилгани ва бу борада тегишли йиғма ҳужжатлар мавжудлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, соҳада мавжуд айрим муаммо ва камчиликлар ҳам қайд этилди. Хусусан, айрим ҳудудларда ишлар суръати ва сифатига оид масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида депутатлар томонидан мавжуд камчиликларни бартараф этиш, йўллар ҳолатини янада яхшилаш ҳамда аҳолига қулай транспорт инфратузилмасини яратиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу ўрганишлар ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг турмуш сифатини ошириш ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири