Алишер Қаюмов Ўзбекистоннинг Янги Зеландиядаги биринчи элчиси этиб тайинланди
Бугун Веллингтон шаҳридаги “Government House” қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Сингапурдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Қаюмов Янги Зеландияда ўриндошлик асосидаги элчи сифатида ушбу давлат Генерал-губернатори Даме Синди Кирога ишонч ёрлиқларини топширди.
Таъкидланишича, ўзаро мулоқот чоғида томонлар сўнгги йилларда изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон – Янги Зеландия муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишган. Хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари атрофлича кўриб чиқилган.
Даме Синди Киро Президентимиз раҳбарлигида ўлкамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва халқаро бизнес учун қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида эришилаётган натижаларни алоҳида таъкидлади.
Маълумот ўрнида: Алишер Қаюмов 2024 йилнинг мартида Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчиси сифатида вазифасини бажаришга киришганди. 56 ёшли дипломат Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Узоқ йиллар давомида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ҳамда Германиядаги элчихонада савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи сифатида ишлаган.
Ў.Алимов, ЎзА