Алимент тўламаган ота қамоққа олинди
Мажбурий ижро бюросида иш юритувидаги бир миллиондан ортиқ ижро ҳужжатларининг қарийб чорак қисми алимент тўловларига оид бўлган.
Шундан 131 минг 355 қарздор алимент тўловларини ўз вақтида тўлаб келмоқда. 70 мингга яқин ижро ҳужжати бўйича алимент пуллари давлат ижрочилари томонидан қарздорларга мажбурий ижро этиш чораларини қўллаш орқали ундирилиб келинмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Н.Ғаффоровдан ундирувчи З.Мамасодиқованинг фойдасига тўрт нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган. Қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган бўлиб, унга кўра қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан, анчадан буён алимент тўламай келаётгани аниқланди.
Унинг алиментдан қарздорлиги ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолатига 19 миллион 229 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди.
Қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар маъмурий жавобгарлик масаласини кўриш учун Ургут тумани маъмурий судига юборилди.
Судга 1 миллион сўм пулни кўтариб келиб жазодан қутулиб қоламан, деган қарздор адашди. Ургут тумани маъмурий судининг қарори билан қарздор Н.Ғаффоровга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.
ЎзА