Алимент тўловлари карантин тугашини кутмайди...
Қозоғистонда ишлаб, алиментни ўз вақтида болаларимнинг онасига юбориб турардим. Карантин сабаб ишлар тўхтаб, пулсиз қолдим.
Қозоғистонда ишлаб, алиментни ўз вақтида болаларимнинг онасига юбориб турардим. Карантин сабаб ишлар тўхтаб, пулсиз қолдим.
Собиқ хотиним аҳволимни тушунишни истамай алимент пулини тўлашимни талаб қилмоқда. Менда эса иш йўқлиги сабабли тўлашга имкони йўқ. Ўзбекистонга қайтиб келсам менга нисбатан қонуний жазо қўлланилмайдими? Карантин сабаб ишлар тўхтагани менга боғлиқ эмаску.
Ижтимоий тармоқ орқали келган ана шу мавзудаги саволларга Мажбурий ижро бюроси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов жавоб берди.
“Таъкидлаш жоизки, алимент бу – ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ва вояга етган болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти ҳисобланади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва оила кодексининг тегишли моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгиланган.
Қонунчиликда қарздор хорижда яшаётган ёки ишлаб келаётган бўлса, Минск конвенциясига аъзо давлатлар (Россия Федерацияси, Белорусь Республикаси, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Молдова, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари) ўртасида ёки икки томонлама шартнома имзоланган давлатлар билан ижро ҳужжати ижроси таъминланади.
Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги кунда барча мамлакатларда бўлгани каби Қозоғистонда ҳам карантин даврида давлат органлари ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб -қувватлаш мақсадида масофавий тартибда ишларни йўлга қўйган. Сиз мазкур имкониятдан фойдаланиб, ўз меҳнат фаолиятингизни давом эттиришингиз мумкин.
Бола ҳуқуқлари устувор эканлиги боис Бюро ходимлари алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг ижросини давом эттирмоқда. Қарздорларнинг алимент пулларини ўз вақтида ва белгиланган миқдорда тўлаши назорат қилинмоқда.
Яна бир гап. Алимент пулларини нақд пул ёки пластик карталар орқали олиш мумкин.
Бугунги кунда юртимиз ҳудудида кучайтирилган тартиб жорий қилинганлиги, аксарият бошқарув органлари ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари масофавий ишлаш тизимга ўтган бўлсада, “Ўзбекистон почтаси” акционерлик жамияти белгиланган тартибда фаолият юритмоқда. Жойлардаги почта хизмати бўлимларига мурожаат қилиб, ўз алимент пулларингизни олишингиз мумкин. Ёки “Ўзбекистон почтаси” таркибидаги курьерлик хизматидан фойдаланишингиз мумкин.