"Alcatraz" яна маҳбуслар макони бўлади(ми)?
АҚШ президенти Дональд Трамп машҳур “Alcatraz” қамоқхонасини қайта очиш учун 152 миллион доллар ажратишни таклиф қилди. Бу маблағ мамлакатнинг 2027 йил учун давлат бюджети лойиҳасига киритилган. Режага кўра, оролдаги собиқ қамоқхона замонавий, юқори хавфсизликка эга муассасага айлантирилади, бироқ бундай таклифлар Конгресс томонидан ҳали тасдиқланиши керак.
Маълумки, “Alcatraz” 1934 йилда очилган ва Қўшма Штатлардаги энг қаттиқ назоратдаги қамоқхоналардан бири ҳисобланган. У оролда жойлашгани ва кучли оқимлар сабаб қочиш деярли имконсиз деб қаралган. Расмий маълумотларга кўра, ҳеч бир маҳбус у ердан муваффақиятли қоча олмаган. Бу жойда машҳур жиноятчилар, жумладан Аль Капоне ҳам сақланган.
Молиявий инқирозлар сабаб қамоқхона 1969 йилда ёпилган. Маълумотларга кўра, “Alcatraz”ни бошқариш бошқа федерал қамоқхоналарга нисбатан қарийб уч баробар қиммат бўлган. Кейинчалик у сайёҳлик масканига айлантирилиб, миллионлаб туристларни жалб қила бошлади. Ҳозир ҳам у Сан-Францисконинг энг машҳур жойларидан бири ҳисобланади.
Трамп бу ташаббусни оғир жиноятчиларга қарши курашни кучайтириш билан изоҳламоқда. У янги “Alcatraz” энг хавфли ва шафқатсиз жиноятчилар учун мўлжалланишини айтган, бироқ танқидчилар бу лойиҳа жуда қиммат ва амалий жиҳатдан самарасиз бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шунинг учун қарорнинг тақдири Конгресс муҳокамаларига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА