АКIS: Илмий ютуқларни тўғридан-тўғри далага олиб кираётган самарали механизм
Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантиришда АКIS тизими муҳим ўрин тутмоқда. Агрохизматлар марказлари илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиб, фермерларни замонавий билим ва инновациялар билан таъминлашда самарали бўғинга айланмоқда.
Бугунги кунда дунё қишлоқ хўжалиги тармоғида рақобатбардошлик фақатгина табиий ресурслардан самарали фойдаланиш билан эмас, балки илм-фан, инновациялар ва замонавий билимларни ишлаб чиқаришга тезкор татбиқ этиш билан ҳам белгиланмоқда. Иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чеклангани, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби глобал чақириқлар аграр соҳада мутлақо янги ёндашувларни тақозо этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини илм-фан асосида ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар доирасида Аграр соҳада билим ва инновациялар тизими (AKIS) босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Ушбу тизимнинг муҳим бўғини ҳисобланган Республика ҳамда ҳудудий агрохизматлар марказлари бугунги кунда илмий тадқиқот муассасалари, олий таълим ташкилотлари ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, илмий ютуқларни тўғридан-тўғри далага олиб кираётган самарали механизмга айланди.
Илм-фан ва амалиёт ўртасидаги узилиш бартараф этилмоқда
Узоқ йиллар давомида аграр соҳада яратилаётган илмий ишланмаларнинг амалиётга жорий этилишида муайян бўшлиқ кузатилган. Янги навлар, ресурс тежовчи технологиялар ва инновацион ечимлар ишлаб чиқаришга кеч етиб боргани боис фермерлар кўп ҳолларда анъанавий усуллардан фойдаланишда давом этган.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган 13 та агрохизматлар маркази айнан шу муаммони ҳал этишга хизмат қилмоқда. Бугун улар оддий маслаҳат маркази эмас, балки илмий ишланмаларни жорий этувчи, инновацияларни синовдан ўтказувчи ва ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда манзилли хизмат кўрсатувчи билим марказлари сифатида фаолият юритмоқда.
«Ягона дарча» тамойили асосида йўлга қўйилган хизматлар эса фермер хўжаликлари, деҳқонлар, кластерлар ва томорқа ер эгаларига илмий тавсиялар, агротехнологик ечимлар ҳамда мутахассис маслаҳатларини бир жойнинг ўзида олиш имконини бермоқда.
Билим – юқори ҳосилдорлик гарови
Замонавий технологияларни яратишнинг ўзи кифоя эмас. Уларни ишлаб чиқарувчиларга ўз вақтида етказиш ва амалиётнинг ажралмас қисмига айлантириш ҳам муҳим.
Шу мақсадда агрохизматлар марказлари томонидан илмий-амалий семинарлар, дала кўргазмалари, тренинглар ва ўқув дастурлари мунтазам ташкил этилмоқда.
2025 йилда республика бўйича 3 минг 222 та семинар ва тренинг ўтказилди. Жумладан, 1 минг 385 та ўқув семинари, 1 минг 220 та дала кўргазмаси ва 617 та махсус тренинг ташкил этилди. Уларда 184 минг 822 нафар соҳа вакили иштирок этди. Улардан 128 минг 956 нафари фермерлар, 33 минг 192 нафари деҳқон хўжаликлари вакиллари, 22 минг 674 нафари томорқа ер эгаларидир.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам ушбу ишлар изчил давом этди. Олти ой ичида 1 минг 810 та тадбир ўтказилиб, шундан 912 таси дала кўргазмаси, 597 таси илмий-амалий семинар ва 330 таси ўқув-тренинглардан иборат бўлди.
Уларда 110 минг 384 нафар қишлоқ хўжалиги соҳаси вакили иштирок этди. Жумладан, 85 минг 491 нафар фермер, 14 минг 389 нафар деҳқон хўжалиги вакили ҳамда 9 минг 952 нафар томорқа ер эгаси қамраб олинди.
Бу рақамлар АКIS тизимининг ҳудудлардаги қамрови кенгайиб, фермерларнинг илмий билим ва инновацияларга бўлган эҳтиёжи йил сайин ортиб бораётганини кўрсатади.
Ҳар бир мурожаатга манзилли ёндашув
Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва етиштирилаётган экин турлари турлича бўлгани учун агрохизматлар марказлари индивидуал ёндашувга устувор аҳамият қаратади.
2025 йилда мутахассислар томонидан жойларга чиққан ҳолда 128 минг 277 та индивидуал маслаҳат берилган бўлса, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу кўрсаткич 29 минг 578 тани ташкил этди.
Бу эса муаммоларни жойида ўрганиш, илмий асосланган тавсиялар бериш ва ишлаб чиқарувчилар учун аниқ амалий ечимларни таклиф қилиш имконини кенгайтирмоқда.
Халқаро тажриба миллий амалиёт билан уйғунлашмоқда
АКIS тизимининг муҳим жиҳатларидан бири маҳаллий илм-фан салоҳиятини халқаро тажриба билан уйғунлаштираётганидир.
2025 йилда марказлар фаолиятига 1 минг 573 нафар маҳаллий олим ва 439 нафар хорижий эксперт жалб этилган бўлса, 2026 йилнинг олти ойида 878 нафар маҳаллий олим ҳамда 284 нафар хорижий мутахассис фермерлар билан ишлади.
Уларнинг иштирокидаги семинар ва амалий машғулотлар орқали замонавий технологиялар, инновацион ёндашувлар ҳамда илғор халқаро тажриба ишлаб чиқаришга босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Шунингдек, фермерларни ахборот билан таъминлаш мақсадида 2025 йилда 142 минг 605 та тавсиянома ва 110 минг 693 та махсус брошюра тарқатилган. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса яна 51 минг 332 та тавсиянома ҳамда 44 минг 555 та брошюра етказилди.
Инновациялар далада синовдан ўтмоқда
Бугунги кунда агрохизматлар марказлари орқали қишлоқ хўжалигининг энг долзарб йўналишлари бўйича инновацион технологиялар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.
Жумладан, вернализация технологияси, biochar орқали тупроқ унумдорлигини тиклаш, bokashi биоўғитларини тайёрлаш, Carbon Market механизмларини жорий этиш ҳамда ресурс тежовчи агротехнологияларни оммалаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мутахассислар томонидан 71 та мавзу бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга оид босқичма-босқич амалий тавсиялар ишлаб чиқилиб, ҳудудларда кенг татбиқ этилмоқда.
Янги Ўзбекистон аграр сиёсатида муҳим таянч
Бугунги кунда агрохизматлар марказлари илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминлаётган муҳим институт сифатида шаклланди.
2025 йилда эришилган натижалар ҳамда 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги кўрсаткичлар АКIS тизими барқарор ривожланаётганини яққол намоён этмоқда. Бу тизим орқали илмий ишланмалар ҳар бир ҳудуд, ҳар бир фермер ва ҳар бир далагача етиб бораётгани аграр соҳада инновацион ривожланишнинг муҳим омилига айланмоқда.
Энг муҳими, илм-фан ютуқларининг ишлаб чиқариш билан интеграцияси фермерларнинг билим ва малакасини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни юксалтириш ҳамда мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг рақобатбардош ва инновацион аграр иқтисодиётини шакллантириш йўлидаги муҳим стратегик қадамлардан бири ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА