Аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун давлат назорати кучайтирилади
Сенат ялпи мажлисида “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бу борада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир.
Амалдаги қонунчиликда тадбиркорлик субъектларининг озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда хавфсиз ҳолда ишлаб чиқариш, сақлаш ва муомалага киритиш борасидаги мажбуриятлари ҳамда масъулиятини аниқ белгиловчи нормаларни янада такомиллаштириш зарурати юзага келган.
Қонун билан аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳада давлат назорати самарадорлигини ошириш ва маҳсулот хавфсизлигининг ягона тамойиллари халқаро талаблар асосида белгиланмоқда.

Давлат органининг ваколатлари, вазифа ва мажбуриятлари аниқлаштирилиб, зарур гигиена, ишлаб чиқариш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги амалиёти каби ҳуқуқий тушунчалар қўшимча қилинмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини амалга оширишнинг асослари, тартиби ва шакллари халқаро битим талаблари билан уйғунлаштирилмоқда.
Қонунда Ўзбекистон Республикасининг келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб бўлган ва хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларга нисбатан қўйиладиган талаблари ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун аҳолининг хавфсиз ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ҳуқуқини ишончли таъминлашга хизмат қилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги кучайтирилади. Озиқ-овқат саноатининг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА