ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги Қораянтоқ маҳалласида ўзига хос меъморий қиёфага эга “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этиляпти.
Ҳудуд аҳолиси учун яратилаётган замонавий инфратузилма юзлаб оилаларнинг ҳаётини ўзгартириб юборди. Турар жойлардаги кенглик, муҳташамлик, ободлик ва саранжом-саришталикдан дилингиз яйрайди. Ҳар бир бино-иншоотда халқимизга хос яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳияти тўлиқ намоён бўляпти. Табиий-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда массивда яшил белбоғлар ташкил этиш, уйлар атрофида турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш, уларни суғориш тизими ҳам эътибордан четда қолмаган. Очиғи, бугун бу ерга келган киши одамларнинг самимий чеҳраси, атрофи яшилликка бурканган инфратизими ривожланган кичик бир шаҳарчага тушиб қолгандек сезади ўзини. Чунки массивда нафақат кўп қаватли турар жойлар, балки мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, спорт майдони, ўқув маркази ҳам бунёд этилган. Айниқса, “Янги Ўзбекистон”да оилавий шифокорлик пунктининг ташкил этилгани нафақат янги массив, балки ҳудуд аҳолиси учун жуда катта қулайлик бўлди. Мазкур массив ва унинг атрофидаги объектлар режасини тузишда истиқболда аҳолининг ўсиши, ҳудуднинг инфратузилмаси ва ишлаб чиқаришнинг кенгайиши каби жиҳатлар ҳам эътиборга олинган.
[gallery-22928]
– Бундан 45-50 йиллар олдин бу ерлар тиканзор, қумли жойлар эди, - деб эслайди меҳнат фахрийси Чорихон Раимов. – Бу ерда амалга оширилаётган ишлар худди эртаклардагидек кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Бу чўллар халқимизнинг кўз ўнгида беш йилда гуллаган яшил маконга айланди. Янги уйлар билан биринчи навбатда, ногиронлар, уйга муҳтож оилалар, боқувчисини йўқотганлар таъминланди. Бугун Президентимизнинг олиб бораётган одилона сиёсати асосида узоқ йиллар давомида уйма-уй ижарама-ижара сарсон юрган аҳолимиз ўз уйига, ўз ватанига эга бўлмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА