Аҳоли муаммолари ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори маслаҳатчиси Шерзод Асқаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг Кармана ва Конимех туманларида аҳоли муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга қонуний ечим топиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.
Жараёнда фуқароларнинг нафақа, тиббий-ижтимоий муассасаларга йўлланма олиш, даволаниш учун моддий ёрдам, ишга жойлашиш, реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига доир 40 га яқин мурожаати тингланиб, уларни қонун доирасида ҳал этиш чоралари белгиланди.
Хусусан, Кармана туманинг Уйрот маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Азизбек Шодмонов сайёр қабулда ишга жойлашиш масаласида мурожаат қилди. Фуқаро шу куннинг ўзида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига оператор сифатида ишга қабул қилинди. Шунингдек, тадбир давомида 10 нафар ногиронлиги бўлган шахсга электр юритмали ҳамда махсус кўп функцияли аравача берилди.
Сайёр қабул давомида мурожаатларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди. Ҳал этилиши муддат талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Ишчи гуруҳ шунингдек, Навбаҳор туманида ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ва бевосита бандлигини таъминлашга мўлжалланган ўқув ишлаб чиқариш устахонасида бўлди. Ҳозирда мазкур муассасада 74 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бир ойлик бепул касб-ҳунар курсларида ўқитилмоқда. Улар касаначилик асосида ўз уйида меҳнат фаолияти билан шуғулланади.
[gallery-18625]
Агентлик директори маслаҳатчиси касб-ҳунар курсларида таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган шахслар ва вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлик марказидан жалб қилинган тренерлар билан суҳбатлашди. Шунингдек, «Мададкор» ёшлар маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган янги лойиҳа билан танишилди. Лойиҳа доирасида ногиронлиги бўлган 6 нафар хотин-қизга тикувчилик, пазандалик, сартарошлик йўналиши бўйича фаолият бошлаши учун зарур асбоб-ускуналар топширилиб, улар ишга жойлаштирилди.
Сўнг ишчи гуруҳ Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида бўлди. Шунингдек, улар муассаса ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилаётган Болалар амбулатор реабилитация бўлими учун ажратилган бино билан танишди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА