Аҳоли манфаатига дахлдор масалалар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов бошчилигидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли муаммоларини ўрганиш, ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таҳлил қилиш ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этиш мақсадида Шуманай туманида бўлди.
Депутатлар дастлаб Шуманай тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳолати билан танишди. Поликлиниканинг моддий-техник базаси, тиббиёт ходимларининг иш билан таъминланганлиги, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлик даражаси ҳамда амбулатор-поликлиника хизматларининг сифати ўрганилди. Аҳоли билан суҳбатлар давомида яратилган шароитлар ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳақида фикрлар эшитилди.
Шу билан бирга, туман тиббиёт бирлашмасида тор соҳа мутахассисларининг етишмаслиги масаласи ҳам ўрганилди. Мутахассислар танқислиги айрим беморларни қўшимча текширув ва даволаниш учун Нукус шаҳридаги тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга мажбур этаётгани қайд этилди. Бунинг аҳоли учун қўшимча вақт ва транспорт харажатларини келтириб чиқараётганини инобатга олиб, туман тиббиёт бирлашмаси учун тор соҳа шифокорларини тайёрлашга мақсадли давлат гранти асосида резидентура квоталарини ажратиш масаласини тегишли ташкилотлар билан кўриб чиқиш белгиланди.
[gallery-31584]
Ҳудудда аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Тумандаги Ж.Мамбеткаримов раҳбарлик қилаётган “Ҳасес Шуманай” фермер хўжалигида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишилди. Иссиқхонада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш, суғориш тизими ва иш билан таъминланган аҳоли ҳолати ўрганилди.
Бирлешик маҳалласида эса ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Маҳалла фуқароси Айнура Жумабаева Президентнинг ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарорлари асосида 100 миллион сўм кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Учрашув давомида тадбиркорликни янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилиб, тегишли грант лойиҳаларида иштирок этиш учун амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган инфратузилма масалалари ҳам жойида ўрганилди. Хусусан, Қорабойли маҳалласида ички йўлларнинг техник ҳолати, асфальт-бетон қопламаларининг ҳолати, ёмғир сувларини оқизиш тизими ва кўча ёритиш тармоқлари таҳлил қилинди. Айниқса, эскирган ва носоз йўлларни таъмирлаш, янги йўллар қуриш ҳамда аҳоли ва транспорт ҳаракати учун қулай шароит яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Маҳалладаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, 21-сонли мактаб ўқувчиларининг куз-қиш мавсумида йўлларнинг носозлиги туфайли таълим муассасасига бориб-келишида юзага келаётган қийинчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилиш белгиланди. Шунингдек, Мамий маҳалласи 23-сонли мактаб ўқувчилари учун ҳам йўл шароитини яхшилаш масаласи назарда тутилди.
Ўрганиш натижасида Мамий маҳалласидаги 6-сонли сув тақсимлаш иншоотини реконструкция қилиш ҳамда “Шоржап” ва “Дийдор” овулларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича тегишли ташкилотларга амалий таклиф ва тавсиялар бериш белгиланди.
Шунингдек, Ақжап маҳалласида ижтимоий объектлар ҳолати кўздан кечирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида маҳаллада барпо этилган 90 ўринли мактабгача таълим ташкилотининг қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлангани, бироқ объект ҳали фойдаланишга топширилмагани аниқланди. Объектни белгиланган муддатда, сифатли тарзда фойдаланишга топшириш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Шуманай тумандаги ўрганишлар аҳоли билан бевосита мулоқотлар билан давом этди. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида ташкил этилган сайёр қабулда жами 274 нафар фуқаро, 21 нафар тадбиркор ва фермер, депутатлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Қабул давомида аҳоли томонидан уй-жой, коммунал хизматлар, ижтимоий ёрдам, ишга жойлашиш, таълим, тиббиёт, йўл қурилиши, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва электр таъминоти каби йўналишларда мурожаатлар билдирилди. Кўриб чиқилган мурожаатлар натижасида жами 57 та муаммо аниқланиб, уларнинг 38 таси жойида ижобий ҳал этилди. Яна 19 та ҳолат бўйича фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ва зарур тушунтириш берилди. Шунингдек, 41 нафар фуқарога жами 103 миллион 400 минг сўм миқдорида турли кўринишдаги амалий ёрдам кўрсатилди.
Шуманай туманида ўтказилган ўрганишлар давомида ҳар бир масалага жойига чиққан ҳолда баҳо бериш, аҳоли фикрини эшитиш ва аниқланган муаммоларни масъул ташкилотлар билан биргаликда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби ўрганишлар депутатлик назоратини кучайтириш, ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини таҳлил қилиш ва аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларнинг ечимига амалий кўмаклашишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари