Аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида қабул қилинган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган семинар ташкил этилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ҳамда вилоят Марказий банк масъуллари томонидан ўтказилган ўқув семинарида Термиз шаҳри, Термиз ва Жарқўрғон туманлари ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
[gallery-28622]
Семинарда масъуллар томонидан ҳоким ёрдамчиларига яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда оилаларни барқарор даромад манбаи билан таъминлашга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Маҳаллаларда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.
Семинар якунида ҳоким ёрдамчиларига тегишли топшириқлар берилиб, аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳар бир хонадоннинг даромад манбаини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ўқув семинари 3 кун давомида Денов, Сариосиё, Қумқўрғон, Ангор, Шеробод туманлари ҳамда Термиз шаҳрида ўтказилиб, унда вилоятнинг барча туманларидан жами 723 нафар ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА