Аграр соҳадаги устувор вазифалар муҳокама қилинди
Сайхунобод туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, Президент қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда кузги мавсумга тайёргарлик масалаларига бағишланган муҳим йиғилиш бўлиб ўтди.
Туман ҳокими Комилжон Муллажонов ва туман прокурори Бекмурод Қурбонов раҳбарлигида ўтган йиғилишда туманда фаолият юритаётган барча йўналишдаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 31 октябрдаги “Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Хусусан, фермер хўжаликларида чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш, хориждан наслдор йирик ва майда шохли чорва молларини олиб келиш, дала шийпонларини белгиланган талаблар асосида барпо этиш, картошка етиштириш ҳажмини кенгайтириш, пахта майдонларида агротехник тадбирларни, жумладан, этифон препаратини ўз вақтида қўллаш ҳамда жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумига пухта ҳозирлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, экин майдонларида агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича фермерлар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Йиғилиш давомида соҳада йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликларнинг олдини олиш, давлат томонидан ажратилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш, ҳар бир фермер хўжалигида ишларни режали ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда фермерларнинг масъулиятини янада ошириш ҳосилдорликни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш, ҳар бир йўналиш бўйича амалий натижадорликка эришиш ҳамда кузги мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан мутасаддилар ва фермер хўжаликлари раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири