Аграр соҳа: янги лойиҳалар муҳокамаси
Бухоро вилоятида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий ҳамкорлар билан манфаатли алоқаларни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалигини замонавий босқичга олиб чиқиш борасида изчил ишлар давом этмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “FM World” ишлаб чиқариш корхонаси делегацияси ўртасида бўлиб ўтган учрашувда, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, пахтачилик тармоғини ривожлантириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Корхона бош директори Mr Ju кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда компания Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида қишлоқ хўжалиги йўналишида самарали фаолият юритмоқда. Жумладан, пахта етиштириш, аграр соҳани техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, компания раҳбари Ўзбекистонда, айниқса, Бухоро вилоятида инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар, очиқ ва ишончли бизнес муҳити хорижий сармоядорларда катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этди. У Бухоро вилоятида пахтачилик соҳасида истиқболли ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш истаги борлигини билдирди.

Ўз навбатида, вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатлар барча соҳаларда жадал суръатлар билан ривожланаётганини таъкидлади. Айниқса, Бухоро вилоятида хитойлик тадбиркорлар ва инвесторлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик яхши натижалар бераётгани қайд этилди.
Учрашувда таклиф этилаётган инвестиция ташаббусларини янада пухта ишлаб чиқиш, иқтисодий самарадорлигини ошириш ва аниқ амалий механизмларни белгилаш муҳим экани таъкидланди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ва уларни фермер хўжаликларига етказиб беришда лизинг хизматларидан самарали фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро манфаатли шерикликни янада мустаҳкамлаш ва янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.