Тошкент давлат аграр университетида “Ҳоким ва Ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев талаба-ёшлар билан яқиндан суҳбат қилди.
Суҳбатда ёшларга қаратилаётган эътибор, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамлаштириш, инновацияларни жорий этиш ва замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш борасидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, мазкур олийгоҳда шу кунгача 100 мингдан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланган бўлиб, улар бугунги кунда нафақат мамлакатимиз балки, Марказий Осиё ва кўплаб хорижий давлатларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида масъул лавозимларда самарали фаолият юритмоқда.
Университет талабаларининг ривожланган Европа давлатларига ишлаб чиқариш амалиётига юбориш анъанага айланган. Ўтган 2023-2024 ўқув йилида 200 га яқин талабалар Германия, Болгария, Хорватия ва Грециядаги ишлаб чиқариш амалиётларида иштирок этди. Мулоқот давомида Тошкент вилояти учун юқори малакали кадрлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда муҳимлиги таъкидланди.
[gallery-23124]
Ҳудуд бўйича аграр тармоқларда кўплаб иш ўринлари мавжуд бўлиб, янги корхоналар очиляпти. Шу сабабдан янги лойиҳалар амалга оширилиши туфайли малакали мутахассисларга эҳтиёж ортмоқда. Шуни эътиборга олиб, вилоят ҳокими ёшларнинг барча таклиф ва ташаббусларини эшитишга тайёрлиги билдирди. Жараёнда талабаларнинг кўплаб саволларига очиқ жавоблар берилди.
Учрашувда Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, илмий тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шундан сўнг Ўқув илмий тажриба хўжалигида янги инновацион иссиқхона ишга туширилди. Тошкент давлат аграр университети ва Жанубий Кореянинг Чунгнам Миллий университети ҳамкорлигида ташкил этилган бу лойиҳа тақдимотида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.
“Ақлли Иссиқхона” лойиҳаси илмий технологияларни жорий этиш, ресурс тежамкорликни таъминлаш, таълим ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга мақсад қилган. Вилоят ҳокими бу иссиқхонанинг афзалликлари, сабзавот маҳсулотлари етиштириш технологияси ва талабаларнинг бу жараёндаги иштироки ҳақида мутахассислар билан суҳбат қилди.
А.Мусаев,ЎзА