Афғон ва Хитой тадбиркорлари “Термиз халқаро савдо маркази”да учрашди
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Хитой ва Афғонистон тадбиркорлари Афғонистон олтинини қазиб олиб, уни Ўзбекистон ҳудудида қайта ишлаш, тайёр ва маҳсулотни хорижга экспорт қилиш масалаларини муҳокама этди.
Мулоқот чоғида имзоланган келишувга кўра, Афғонистон ҳудудидаги олтин конларидан замонавий технологиялар асосида қазиб олинган хом ашёни Ўзбекистон ҳудудида экспорт талабларига мос тайёр маҳсулотга айлантириш лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси инфаратузилмасидан фойдаланиб, олтин таркибли хом ашё мамлакатимиз ҳудудига олиб келинади ва қайта ишланади. Халқаро талабларга мувофиқ ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот хориждаги буюртмачиларга етказиб берилади.

“Термиз халқаро савдо маркази” мутахассисларининг айтишича, бу ҳамкорлик минтақавий иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб, янги инвестицияларни жалб этиш ва қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашади. Қўшни давлат чегарасида жойлашган эркин савдо зонасининг халқаро савдо ва саноат маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири